Жаҳон | 09:06 / 22.07.2023
7028
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Сариқ денгиз томон қанотли ракеталар учирди

Шимолий Корея Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталарни учирди, деб хабар берди Жанубий Корея ҳарбийлари. Пхенян АҚШнинг ядро қуролига эга сувости кемаси Жанубий Кореяга етиб бориши муносабати билан ракета синовларини кучайтирди.

Фото: KCNA

Шимолий Корея Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталарни учирди, деб хабар берди Yonhap агентлиги Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб. Ушбу маълумотларга кўра, учириш маҳаллий вақт билан 22 июль куни тахминан соат 04:00да (Тошкент вақти билан 22 июль куни тахминан 00:00) амалга оширилган, ракеталар денгизга қулаган. Агентликнинг қўшимча қилишича, Жанубий Корея ҳарбийлари ва АҚШ разведкаси «учиришларни таҳлил қилмоқда». 

Шимолий Кореянинг олдинги ракета синови 19 июль куни, Пхенян қарама-қарши йўналишда, Япон денгизи томон иккита қисқа масофали баллистик ракета учирганда бўлиб ўтди. Сеул буни «провокация ҳаракатлари» ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг очиқдан-очиқ бузилиши сифатида баҳолаб, Корея Республикаси Қуролли кучлари доимий жанговар шайликни сақлаб туришини айтди. 
 
18 июль куни Сеулда Жанубий Корея ва АҚШ Қўшма ядровий маслаҳат гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказганидан сўнг Шимолий Кореянинг ракета учиришлари фаоллашди. Шу билан бирга, 1981 йилдан бери биринчи марта АҚШнинг ядровий қуролга эга сувости кемаси USS Kentucky Жанубий Кореяга етиб келди. 

Шимолий Корея мудофаа вазири Кан Соон Намнинг айтишича, сувости кемасининг Жанубий Кореянинг Пусан портига келиши «Шимолий Кореянинг ядровий кучлари тўғрисидаги қонунида кўрсатилганидек, ядро қуролидан фойдаланиш шартларига боғлиқ бўлиши мумкин». 

18 июль куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин демилитаризация қилинган ҳудудга ташриф буюрган америкалик аскар «қасддан ва рухсатсиз» Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги демаркация чизиғини кесиб ўтгани ва у гўёки КХДРда ҳибсда сақланаётганини айтди. Кейинчалик маълум бўлишича, гап Травис Кинг исмли оддий аскар ҳақида боряпти. Пхенян Вашингтоннинг аскар тақдири ҳақидаги сўровларига ҳозирча жавоб бермади, дея хабар бермоқда Америка ахборот агентликлари. 

Мавзуга оид