Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаат билан чиқиб, Россиянинг ушбу давлатга қарши урушида қатнашмасликка ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирди.
Дипломатик ваколатхона мурожаатида таъкидланишича, Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар пайтида Россия армияси урушда қатнашиш учун хорижий фуқароларни жалб қилишга уринмоқда.
«Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, вақтинча босиб олинган Донецк вилояти Горловка шаҳрида жойлашган Россия кучларининг бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари борлиги аниқланган.
Ушбу шахслар Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудига қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Мариупол (Украина) шаҳрига етиб келганидан сўнг, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва бу фуқаролар Россия Федерацияси кучлари сафига кўнгилли сифатида сафарбар қилинган», дейилади элчихона хабарида.
Шунингдек, элчихона Украинага қарши қуролли тажовузда қатнашган чет эл фуқаролари мамлакат миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтди.
Бироз аввалроқ, Россиянинг Волгоград шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини «махсус ҳарбий амалиёт»га чақириш бошлангани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Маҳаллий аҳоли вакиллари жамоат транспорти салонларида шундай чақириқлар акс этган плакатларга гувоҳ бўлишган.
«Бу автобусларда хорижликлар юришади. Бу реклама улар учун. Рекламани биз жойлаштирдик ва ўзбек тилидан бошлашга қарор қилдик. Келгусида биз бу ташвиқотни бошқа тилларда ҳам олиб борамиз: тожик, қозоқ ва ҳоказо. Бундай эълонларни автобуслардан бошқа жойларда ҳам жойлаштириш ҳақида ҳозирча буйруқ бўлмади», – деган саралаш пункти ходими маҳаллий нашрлардан бирига берган изоҳида.
Март ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи, Россияда қамоқ муддатини ўтаган фуқаро Украинада ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. У Украинага қурилиш ишлари учун жўнатилган ва у турган жойга снаряд келиб тушгани маълум


















