Жаҳон | 09:01 / 27.07.2023
5784
2 дақиқада ўқилади

АҚШда асосий ставка 22 йил ичида максимал даражага кўтарилди

Базавий фоиз ставкаси 2022 йил бошидан бери 11-марта ошди. Унинг диапазони 0,25 фоиз пунктга кўтарилди ва ҳозир йилига 5,25-5,5 фоизни ташкил этяпти.

Фото: Reuters

Мамлакат марказий банки вазифасини бажарувчи АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) 26 июль, чоршанба кунги навбатдаги йиғилишида танаффусдан сўнг базавий фоиз ставкаси диапазонини яна оширди. Бу диапазон 0,25 фоиз пунктга оширилди ва энди йиллик 5,25-5,5 фоизни ташкил этяпти. Бу сўнгги 22 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. 2022 йил бошидан буён ставка 11-марта ошди.

Фоиз ставкаларини ошириш сиёсати ФЗТ томонидан максимал бандликка эришиш ва инфляцияни камайтириш, икки фоиз даражасида ўрнатиш учун амалга ошириляпти. «Сўнгги кўрсаткичлар иқтисодий фаолликнинг ўртача суръатларда кенгайиб бораётганидан далолат беради. Сўнгги ойларда иш ўринларининг ўсиши мустаҳкам бўлди, ишсизлик даражаси пастлигича қолмоқда. Инфляция даражаси юқори», - дея маълум қилди ФЗТ.

АҚШ Федерал статистика бюроси маълумотларига кўра, июнь ойида АҚШда йиллик инфляция 3 фоизгача пасайди. Бу икки йил учун минимал кўрсаткич. 2023 йилнинг апрель ойида у 4,9 фоизни, май ойида 4 фоизни ташкил этди. 

ФЗТ юқори инфляция туфайли 2022 йил март ойидан бошлаб ҳар бир йиғилишда базавий фоиз ставкалари оралиғини оширишни бошлади. Ўшанда ставка 2018 йил декабрь ойидан бери биринчи марта оширилди. ФЗТ раҳбари Жером Пауэлл келажакда фоиз ставкалари янада оширилишини истисно этмади. Унинг фикрича, мақсадли 2 фоиз инфляцияга қайтиш жараёни узоқ давом этади. 

Мавзуга оид