18:49 / 27.07.2023
3330

Биринчи ярим йилликда IT Park резидентларининг экспорти ҳажми 145,3 млн долларни ташкил этди

Маскур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 бараварга кўп.

IT Park резидентлари экспорти ҳажми ўтган йилнинг 1-ярим йиллигига нисбатан 2,7 бараварга ўсиб, 145,3 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳисобот давридаги экспорт улушининг 45 фоизи АҚШга, 14 фоизи Буюк Британияга, 8 фоизи Европа Иттифоқи мамлакатларига, 33 фоизи Цингапур, БАА, Швеция, Канада, Корея каби давлатларга тўғри келган.

Йўналишлар бўйича IT-хизматлар экспорти тузилмасини таҳлил қилганда, резидентларнинг BPO хизматларининг даромадлари 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги билан солиштирганда юқори қўшимча қийматга эга хизматларга, хусусан, дастурий таъминот ва ўйин ишлаб чиқиш хизматларига ўзгарганлиги кузатилган.

“BPO хизматлари жами экспортдаги улушининг 2022 йилда 63 фоиздан 2023 йилда 20 фоизгача камайганини кўриш мумкин, аммо ўйин ишлаб чиқариш каби йўналишлардаги экспорт 15,2 миллион долларни ташкил этди ( ўсиш – 16,7 баравар). Дастурий маҳсулотлар экспорти 60 миллион долларни (ўсиш – 3,8 баравар), техник қўллаб-қувватлаш хизматлари эса 10,8 миллион долларни (ўсиш – 6 баравар) ташкил этди”, дейилади хабарда. 

2023 йилнинг якунигача IT экспортнинг умумий ҳажми 300 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Top