Денгиз блокадаси мавҳум тушунча эмас. Унинг қоидалари ва шартлари халқаро шартномаларда, биринчи навбатда, 1909 йилги денгиз уруши қонуни ҳақидаги Лондон декларациясида баён этилган.

Аммо Москва ҳам, Киев ҳам денгиз блокадасини расман эълон қилмади. Шунга қарамай, уларнинг баёнотлари бошқа давлат томонидан назорат қилинадиган портлардан юк ташишни тўхтатишга қаратилган, бу эса моҳиятан денгиз блокадасидир.

Блокада денгиз савдосига таъсир қилади, чунки фуқаролик кемаларининг ҳар қандай рейдлари суғурта компанияларига боғлиқ.

Ва бу аллақачон содир бўлмоқда. Reuters агентлигининг 2023 йил 21 июл кунги хабарида Қора денгизда ғалла ташилиши ҳажми шу куни кечга томон 35 фоизга қисқаргани айтилган. Бунга Қора денгиз ҳудудидаги вазият кескинлашувига реакция қилаётган суғурта компанияларининг қўрқуви сабаб бўлмоқда.

Денгиз блокадаси

Тарихий жиҳатдан, денгиз қонунида четлаб ўтиш жуда осон бўлган кўплаб қоидалар мавжуд. Жумладан, бу денгиз блокадаси қоидаларига ҳам тегишли.

Денгиз уруши қонуни бўйича Лондон декларациясига кўра, «денгиз блокадаси фақат душманга тегишли бўлган ёки босиб олинган портлар ва қирғоқларга нисбатан қўлланиши мумкин».

Бошқа бир қоидада блокада фақат бунинг учун барча зарур воситалар мавжуд бўлгандагина эълон қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Яъни, агар жисмоний жиҳатдан буни амалга оширишнинг иложи бўлмаса, қирғоқ блокадасини эълон қилиш мумкин эмас.

Декларацияда блокадани олиб боришнинг бошқа қоидалари ва шартлари ҳам мавжуд, аммо у ҳеч ким расман блокада эълон қилмаган вазиятни тартибга солмайди.

Истанбулда текширувдан ўтишни кутаётган ғалла ташувчи кемалар. Бу сурат ғалла келишуви бекор қилинишидан олдин олинган. Фото: Getty Images

Гарчи аслида гап фуқаролик кемаларининг Россияга тегишли бўлган ёки душман томонидан босиб олинган портларга киришини тўхтатиб қўйиш ҳақида кетган бўлса ҳам, Россия мудофаа вазирлигининг баёнотида ҳам, Украина мудофаа вазирлигининг жавоб баёнотида ҳам «блокада» сўзи тилга олинмаган.

Россия мудофаа вазирлиги ўз баёнотида амалда «Қора денгиз халқаро сувларининг шимоли-ғарбий ва жануби-шарқий қисмларидаги бир қатор денгиз ҳудудлари» блокада қилинганини эълон қилди.