Ўзбекистон | 22:39 / 27.07.2023
31574
3 дақиқада ўқилади

Термиз шаҳри собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум этилди

Сурхондарё марказини қарийб 5 йил бошқарган Исроил Худойбердиев талон-торож қилиш, пора олиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилди. Бу жиноят иши бўйича жами 18 киши устидан суд ҳукми ўқилди.

Исроил Худойбердиев / Фото: ЎзА

Бугун, 27 июл куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида шаҳарнинг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев ва яна 17 нафар судланувчига оид жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳукмга кўра, Исроил Худойбердиев Жиноят кодексининг –

  • 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди;
  • 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 2-қисми “а” банди;
  • 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди;
  • 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 2-қисми “а” банди;
  • 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди;
  • 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари;
  • 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Қолган 17 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 25,167, 167, 168, 184, 28,205, 205, 206, 28,209, 209 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга тегишлилиги бўйича жарима, 1 йил 9 ой 15 кундан 2 йил 3 ойгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йил 6 ойдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Ҳукмдан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Жиноят ишининг батафсил тафсилотлари, хусусан жиноятчилар давлат ва жамиятга қанча миқдорда зарар етказгани маълум эмас.

Исроил Худойбердиев (1981 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган), унинг икки ўринбосари ва яна 8 киши 2022 йил кузида ҳибсга олинган эди. Ўшанда улар томонидан давлат манфаатларига етказилган зарар 35,6 млрд сўмга баҳоланаётгани айтилганди.

Худойбердиев 2017-2022 йилларда Термиз шаҳрига ҳокимлик қилган. У 2022 йил 21 сентябрда лавозимидан озод этилиб, 24 сентябрда қамоққа олинганди.

Мавзуга оид