Украина қарши ҳужумининг узоқ кутилган дастлабки бир неча ҳафтаси АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан тайёрланган ва қуроллантирилган қўшинларга фойда келтирмади. Россиянинг зич миналанган майдонлари, шунингдек артиллерия ва вертолётлардан доимий ўққа тутиши муаммонинг асоси бўлди, деб ёзди The New York Times. 

АҚШ расмийлари ва мустақил таҳлилчиларга кўра, Ғарбда тайёргарликдан ўтган Украина бригадалари энди вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Украина ҳарбийлари ўқ ёмғири остида миналанган майдонларга ташланиш ўрнига Россия кучларини артиллерия ва узоқ масофага учувчи ракеталар билан йўқ қилишга эътибор қаратиб, тактикани ўзгартирмоқда. Мамлакат жанубида қўшинлар таркиби тўлдирилмоқда, Ғарб томонидан тайёрланган кучларнинг иккинчи тўлқини Россия позицияларини ёриб ўтиш учун асосан кичик отрядлар билан ҳужум қилмоқда. 

Аммо дастлабки натижалар кутилганидаек бўлмади, деб таъкидлади нашр. Украина кучлари бир неча қишлоқни қайтариб олган бўлса-да, ўтган йил кузда Херсон ва Харкивдаги каби катта ютуқларга эриша олгани йўқ. Ғарбда жанговар манёврларга мураккаб тайёргарлик кўриш украиналикларга Россия артиллерияси олдида катта устунлик бермади. 

Украинанинг тактикани ўзгартириш ҳақидаги қарори НАТО учун аниқ сигналдир. Бу Ғарб томонидан украиналик ҳарбийларни тайёрлаш сифати ва Байден маъмурияти томонидан тақдим этилган ўнлаб миллиард долларлик қурол-яроғлар самараси ҳақидаги саволларни келтириб чиқаради. 

Россия президенти Владимир Путин ўз стратегияси Украина ва унинг иттифоқчиларини ҳолдан тойдириб, урушда ғалаба қозониш эканини аниқ билдирмоқда. АҚШ расмийлари Украинанинг эски тактикага қайтиши билан қимматли қуроллар йўқотилиши хавфидан хавотирда, бу эса Путинга қўл келиши ва тинка қуритувчи урушда Украинани ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин. 

Байден маъмурияти Ғарбда тайёрланган 36 минг кишидан иборат тўққизта бригада Америка уруш услуби Россияникидан устун эканини кўрсатишига умид қилишган эди. Машқларнинг катта қисми Украина қўшинларига мудофаада қолишдан кўра, ҳужумга ўтишни ўргатишдан иборат эди. Украина кучлари йиллар давомида россияпараст айирмачиларнинг ҳужумларига қарши ҳимояланиш тактикасини қўллаган. Ўтган йили Москва кенг кўламли босқинни бошлаганида, Украина қўшинлари мудофаа операцияларини муваффақиятли амалга оширди ва бу Россияни кутилган тезкор ғалабадан маҳрум қилди. 

Қарши ҳужумнинг дастлабки икки ҳафтасида Украина томонидан жанг майдонига юборилган техниканинг 20 фоизи шикастланди ёки йўқ қилинди. Улар орасида Ғарбнинг «даҳшатли жанговар машиналари» - танклар ва бронетранспортёрлар ҳам бор эди.