Июл ойининг сўнгги 10 кунлигида мамлакатимиз ахборот олами, хусусан, турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Қарши халқаро университети ректори, юридик фанлари доктори Ахтам Якубов томонидан айтилган “3–4 йилдан сўнг жамиятда дипломли ишсизлар пайдо бўлади” деган фикр кенг муҳокамага сабаб бўлди. Айрим блогер ва журналистлар, шунингдек, жамоатчилик фаоллари ушбу фикрни нотўғри талқин қилган ҳолда турли миш-миш-у ёлғон муносабатларни билдириб ўтишди. Хўш, аслида бу жумла интервюнинг қайси қисмидан кесиб олинди? Фикр контекстидаги асосий мазмун аслида қандай эди?
Юқорида келтирилган фикрлар “Хушнудбек Худойбердиев” YouTube канали орқали эълон қилинган “Қашқадарёдаги биринчи хусусий ОТМ — Қарши халқаро университети ҳақида” деб номланган интервюдан кесиб олинган бўлиб, мазкур материалда Хушнудбек Худойбердиев Қарши халқаро университети ректори, юридик фанлари доктори Ахтам Якубов билан олий таълим тизимидаги муаммо ва камчиликлар, хусусий олий таълим масалалари хусусида суҳбатлашган.
Интервю давомида Ахтам Якубов томонидан Қарши халқаро университетининг ташкил этилиши, университет кампуслари, ўқув ва таълим жараёни ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, икки мутахассис мамлакатимиздаги олий таълим тизимида учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр алмашган.
Олий таълим соҳасида бугунги энг муҳим муаммолардан бири бу – жамиятдаги ижтимоий адолат тарозисининг бузилгани
Интервюда хусусий олий таълим бозори, уни ривожлантириш, ҳалол ва соғлом рақобатни шакллантириш масалалари, таълим бермасдан, диплом сотиш билан шуғулланувчи “университетлар”, таълим сифатини ошириш, малакали кадрларни тайёрлаш, жамиятдаги ижтимоий адолатни таъминлаш, меҳнат бозорини тўғри шакллантириш, иқтидорли талабаларнинг муносиб меҳнат шароитида ишлаши, муносиб иш билан таъминланиши учун имконият яратиш, давлат ва хусусий олим таълим муассасаларига нисбатан бир хил ёндашув ва қарашни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, ҳудудларда таълимни ривожлантириш, воҳанинг яхши кадрларини воҳанинг ўзида ишлаш учун жалб этиш, малакали кадрларни ҳудудларнинг ўзида фаолият олиб бориши учун шароит яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Сифатли таълим учун энг катта инвестицияни ўқитувчиларга тикиш керак
Интервю давомида хусусий таълим давлат олий таълим муассасаларидан “ўғирлаб келинган” кадрлар ҳисобига ривожлантирилаётгани алоҳида қайд этилиб, хусусий таълим нуфузини ошириш, малакали кадрлар “армияси”ни шакллантириш кераклиги ва бунинг учун энг катта инвестицияни ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратиш кераклиги таъкидлаб ўтилган.














