Учрашувда жабрланган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан Ҳукумат комиссияси томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда 2 та ҳолат бўйича таклифлар билдирилди.

“Азия Инвест Фаворит” МЧЖ томонидан 1 минг 106 нафар фуқаро билан умумий майдони 61 минг 766 кв метр бўлган хонадонни сотиш бўйича шартномалар имзоланган ва фуқаролар томонидан 163,4 млрд сўм нақд пул тўланган.

Бугунги кунга қадар 1 минг 106 нафар фуқародан 1 минг 60 нафари Бош прокуратуранинг тергов гуруҳи томонидан жабрланувчи сифатида сўроқ қилиниб, шартнома ва тўлов квитанцияларининг ҳаққонийлиги ўрганилган. Қолган 46 нафар фуқаро ҳали терговчиларга келиб учрашмаган (сўроқ қилинмаган). 1 минг 106 нафар фуқародан 321 таси (29  фоиз) шартномада кўрсатилган суммани 100 фоизини, 202 нафар (18 фоиз) 70 фоиздан юқори қисмини, 298 нафар (27 фоиз) фуқаро 50 фоиздан – 70 фоизгача қисмини, 228 нафар (21 фоиз) фуқаро 30 фоиздан – 50 фоизгача бўлган қисмини, 51 нафар (5 фоиз) фуқаро 30 фоизгача бўлган қисмини тўлаган. 6 нафар фуқаро умуман пул тўламаган.

Муаммони ҳал қилиш юзасидан берилган таклифларга кўра, лойиҳа ишлари – топшириққа мувофиқ муаммони ҳал қилиш учун Бектемир тумани “Ийк ота” массивидан 11,4 гектар бўш ер майдони танланди ва 1-босқичда ушбу ер майдонининг 4,4 гектарига умумий майдони 61 минг 766 кв метр бўлган 1 минг 104 хонадонли 16 та 9 ва 12 қаватли темир-бетон қуйма монолит типдаги уйлар қуриш бўйича лойиҳа таклифи тайёрланди.

Қуриладиган уй-жойларнинг таннархини арзонлаштириш мақсадида массивнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши ва ободонлаштириш ишларини республика бюджетидан амалга ошириш таклиф этилади.

Массив ҳудудида маҳаллий бюджетдан ажратилаётган 29 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 990 ўринли умумтаълим мактаби жорий йилда фойдаланишга топширилади. Массивда боғча ҳам қурилади.

Мазкур ҳудудда кўп қаватли уйларни қуриш учун соҳадаги йирик пудрат ташкилотларининг таклифлар қабул қилинган. Улар орасидан “Ўзшаҳар қурилиш инвест” компанияси, “Янги замон” МЧЖ, “Голд степ инвест” МЧЖлар танлаб олинган.

Кўп қаватли уй-жойлар қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, экспертизадан ўтказиш ишлари жорий йил 1 октябрга қадар якунланади.  Қурилиш ишлари лойиҳа ишлари билан параллел равишда олиб боришга рухсат берилса, жорий йил 10 августдан бошланади ва уйлар 2024 йил якунига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Ҳукумат комиссиясига жабрланган фуқароларга қуриб бериладиган уй-жойларнинг 1 метр квадрати нархи 6 миллион сўмдан ошмаслиги топширилди.