МО бешлигининг анъанавий маслаҳат учрашувидан олдин, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари торроқ доирада ўзаро гаплашиб олишга қарор қилди. Kun.uz суҳбатлашган экспертларга кўра, унда толиблар қураётган Қўштепа канали, Ашхобод ва Душанбе ўтган йилги муҳим минтақавий битимни имзоламагани, Тожикистон ва Ўзбекистон Туркманистоннинг транзит салоҳиятидан кўпроқ фойдаланишни истаётгани кабилар муҳокама қилинган бўлиши мумкин.

4 август куни Ашхободда Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари учтомонлама саммит ўтказди. Бундай ноодатий форматдаги саммит атрофида қатор саволлар юзага келмоқда. Kun.uz бу саволларни сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов ва Наргиза Умаровага берди.

— Нега бу учрашувда Марказий Осиёнинг фақатгина уч давлати иштирок этди, минтақанинг барча давлатлари мавжуд бўлган маслаҳат учрашуви формати ҳам ҳам бор эди-ку? Умуман олганда, бу саммит ҳам қандайдир тезкор ташкил қилинди ёки биз ташрифдан саноқли кунлар қолганда хабардор бўлганимиз учун шундай туюлдими?

Фарҳод Толипов: Ростдан ҳам фавқулодда учрашув бўлгандек таассурот қолдиради. Чунки шундоғам сентябрь ойида 5 та давлат президентларининг учрашуви бор, ўша ерда ҳам 3 давлат раҳбари алоҳида учрашиши мумкин эди. Бу учтомонлама учрашув ҳақида, мазмун-моҳияти ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳеч қандай эълон бўлмади. Шунинг учун ҳам энди фақат тахминларни келтириш мумкин.

Учрашувдан сўнг ОАВда нима масалалар кўтарилгани ҳақида хабарлар бўлди, лекин умумий гаплар, яъни ҳар доимги масалалар. Тўғри, Марказий Осиёда интеграция давом этяпти, жипслашиш кучайяпти, лекин ҳамма жойда ҳам кичикроқ гуруҳлар, фақат уларга тааллуқли масалалар бўлади. Энди бу уч давлатни бошқалардан бўлак нима бирлаштиради, деган савол қўйсак бўлади. Дейлик, Амударё ҳавзаси фақат шу учала давлатга тааллуқли. Афғонистон томонидан Қўштепа канали қурилиши вазиятга таъсир қилади. Шу масала кўрилиб, сентябрдаги саммитда ўртага ташлашга тайёрланишдир, деган тахмин ҳам бор. Бундан ташқари, энергетика масалалари бор бу 3 давлат ўртасида. Шу ва шу каби тахминлар юзага келади бу учрашув атрофида.

Наргиза Умарова: Экспертлар орасида бу кутилмаган учрашув сифатида қабул қилинди. Биламизки, бундай учрашувларга олдиндан тайёргарлик кўрилиб, эълон қилинади. Бу учрашув айнан бир масала юзасидан бўлди деб ўйламайман. Турлича фикрлар бор экспертлар орасида. Фарҳод Толипов айтгандек, Афғонистон масаласи ҳам асосли сабаб бўлолади. Учрашувда айни уч мамлакат манфаатларига тўғри келувчи масалалар кўтарилган, менимча. Қўшма баёнот ва якуний ҳужжатда ҳам биринчи ўринда хавфсизлик масаласига урғу берилган, бу ҳам Афғонистон билан боғлиқ. Қўштепа канали қурилиши ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига алоқадор. Мирзиёев ўз нутқида умумий хавф-хатарларга умумий позициямизни ҳам шакллантирайлик, деган маънода гапирди.