2008 йил август ойи бошида Россия ва Гуржистон ўртасида ҳарбий тўқнашув бошланганди. Россия Гуржистон ичкарисигача қўшин киритган, лекин урушни тезда тўхтатиб, ўзи учун манфаатли тинчлик келишувига эришиб, шу тариқа халқаро яккаланишдан қутулиб қолганди. «Медуза» махсус мухбири Андрей Перцев ўша вақтда «вертикал ҳукумат» таркибида бўлган мулозимлар билан «рус элитаси» учун Гуржистонга босқин Украинадаги урушдан нимаси билан фарқ қилгани ҳақида суҳбатлашди.

«Тинчликпарвар кучларимиз ва уларга бириктирилган бўлинмалар айни дамда Гуржистон томонини тинчликка мажбурлаш мақсадида операция олиб бормоқда. Тинч аҳоли ҳаётини муҳофаза қилиш масъулияти уларнинг ҳам гарданида», деб изоҳлаганди Гуржистонга босқинни ўша вақтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведев.

2008 йил 8 август куни Гуржистондан ажралиб чиққан Жанубий Осетия маркази Цхинвалига қўшин киритган Россия кейинчалик пойтахт Тбилиси яқинигача етиб боради. Рус ҳарбийлари Гуржистон пойтахтига етиб боришига бир неча ўн километр масофа қолганди, аммо руслар Тбилисини қамал қилмайди. 12 август куни Дмитрий Медведев «амалиёт» якунланганини эълон қилади. Кейин Россия, Гуржистон, Жанубий Осетия ва Абхазия томони биргаликда можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тўғрисида тинчлик битими имзолайди. Бу келишув шартлари Россия учун жуда қулай эди. Унда ўт очишни тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш, шунингдек, ўзини мустақил деб эълон қилган ҳудудлар учун халқаро хавфсизлик кафолати кўзда тутилганди.

Бу XXI асрда Европа ҳудудида содир бўлган биринчи жиддий можаро эди. Шунга қарамай, Россияга қарши жиддий халқаро санкциялар қўлланмади. Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияга қарши иқтисодий чекловлар жорий қилмай, шунчаки бу ҳаракатни кескин қоралаш билан чекланишди.

Бунга бир неча сабаблар келтирилди. Биринчидан, Россия Тбилисига кириб бормади. Иккинчидан, Европа Иттифоқи томонидан тузилган суриштирув гуруҳи урушни Цхинвалига ўт очиш орқали Гуржистон бошлади, деган хулосага келганди. Аммо хулосада Россия уруш бошланишидан аввал кўп марта провокацион ҳаракатлар қилгани ҳам қайд этилган.

Учинчидан, бутун дунёда кузатилган ва АҚШни қийин аҳволда қолдирган молиявий инқироз одамлар эътиборини можародан чалғитганди. Бу сабаб ҳақида кейинроқ Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев ҳам гапирганди. «Ҳа, бу воқеалардан кейин Жорж Буш билан яхши муносабатимиз сақланиб қолган. 2008 йил охирида у билан кўришгандик. У ўзаро суҳбатимизда Гуржистондаги вазият, Жанубия Осетия ва Абхазия ҳақида гапиргани ҳам йўқ», деб эслаганди Медведев.