Беҳзод Ҳамроевга кўра, рубл, лира ва юаннинг сезиларли қадрсизлангани сўмнинг ҳам девалвациясини табиий иқтисодий заруратга айлантирган. Марказий банк доллар курсининг бир кунда 3,5 фоизга ошиши ички бозордаги нархларга катта таъсир ўтказмаслигига ишонмоқда.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев бугун, 10 август куни амалга оширилган сўм девалвацияси юзасидан Kun.uz'га қўшимча изоҳ берди.

Ҳамроев регуляторнинг бу борада эълон қилган пресс-релизида айтилганидек ўзига хос “тўғриланиш бўлгани”ни таъкидлаб, бу Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари – Хитой, Россия, Туркия ва Қозоғистондаги девалвация (миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан қадрсизланиши) билан боғлиқлигини айтди.

“2020 йилдаги пандемиядан кейинги йилларда дунёнинг энг катта марказий банклари, хусусан АҚШнинг Федерал резерв тизими инфляцияга қарши ставкаларни кўтариб келяпти. Доллар индекси ошиб боряпти ва шунга мос равишда (ҳар бир давлатда ўзига хос бошқа сабаблари ҳам бор, албатта) асосий савдо ҳамкорларимизнинг аксариятида миллий валюталари қадрсизланди. Йил бошидан бери Россия рубли 35-38 фоизга, Туркия лираси қарийб 40 фоизга, ҳатто Хитой юани қарийб 4-4,5 фоизга (ўтган йилнинг шу даврига солиштирса 7,5 фоиз) ўз қадрини йўқотди.

Бу – табиий жараён. Бошқа давлатлар билан савдо қилганда, бизнинг курсимиз орқада қоладиган бўлса, савдода маълум бир устунликларимизни йўқотамиз: биз экспорт қилаётган маҳсулотларимиз у бозорларда қимматлашади, яъни нарх рақобатида ютқазади. Ўз навбатида, импорт арзонроқ бўлади. Булар ҳаммаси бир-бирига боғланган. Асосий савдо ҳамкорларимизда девалвация бўлаётганида, бизда ўзгармас бўлиб туриши маълум бир номутаносибликларни келтириб чиқаради. Бунақа нарсадан жудаям эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ҳозир номутаносиблик валюта курсида кўринаётган бўлса, эртага бошқа иқтисодий кўрсаткичларга таъсир қилиши мумкин”, – деди у.

МБ расмийсига кўра, 10 августдаги 3,5–4 фоиз атрофидаги девалвацияни ҳам қўшганда, йил бошидан бери сўм қарийб 7,4 фоизга қадрсизланган. Айни пайтда, регулятор 2023 йилда инфляция даражаси (товарлар ва хизматлар нархларининг ўсиши) 8,5–9,5 фоиз бўлишини кутяпти.

“Буни оғир, ваҳимали қабул қилиш керак эмас. Чунки иқтисодиётни ўзини ўзи тўғрилаш жараёни бўлади. Хорижий валютага нисбатан талаб ва таклиф мувозанатлашади. Тан олиш керак, ҳар доим курснинг ўзгариши оғриқли бўлади. Бу худди касал бўлганда аччиқ дори ичиш ёки оғриқли муолажа олишга ўхшайди. Муолажа оғриқли, лекин уни олмасангиз, касаллик газак отиб кетаверади ва эртага бундан ҳам оғир даволанишга тўғри келиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳозирда 3,5–4 фоиз, йил бошидан эса 7 фоиз атрофида тўғриланиш бўлгани – табиий жараён ва иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади”, – деди Беҳзод Ҳамроев.