Неймар ҳам Саудия клубига ўтмоқда

Бугунги кунда трансферлар дайжестини Саудия Арабистони иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сафар эса Яқин Шарқ билан боғлиқ бир неча янгиликлар бор. Хусусан, Неймарнинг «Ал-Ҳилол»га трансфери масаласи ҳал бўлди. Фабрицио Романо машҳур ибораси орқали тасдиқлади — here we go!

Неймар шанба куни «ПСЖ»нинг «Лорян»га қарши учрашуви қайдномасига ҳам киритилмаганди.

Якшанба куни RMC Sport нашри «ПСЖ» саудияликларнинг 31 ёшли бразилиялик трансфери бўйича таклифини қабул қилганини хабар қилди. Унда гап 90 миллион евро ҳақида бораётгани, бонуслар ҳисобига бу сумма 120 миллион еврога етиши мумкинлиги айтилганди. Романо эса парижликларга трансфер учун 100 миллион евро тўланишини билдирди.

L’Équipe хабарига кўра, футболчи ва «Ал-Ҳилол» раҳбарияти икки йиллик шартнома бўйича келишувга эришган. Унга кўра, Неймар янги клубида икки мавсум учун 160 миллион евро ишлаб олади.

Неймар ўтган мавсум Франция чемпионатида 20 ўйинда 13 та гол урган ва 11 та ассист муаллифи бўлган. У Париж клубига 2017 йил рекорд даражадаги 222 млн евро эвазига «Барселона»дан келиб қўшилганди.

Футболчи бугуннинг ўзида янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтади. 

Аввалроқ Неймар «Барселона»га қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо каталонияликлар клуби ҳозирги ҳолатида бундай трансфер амалга ошира олмасди.

Мбаппе «ПСЖ»нинг асосий таркибига қайтди, у билан шартнома узайтирилади

Ёзги трансферлар ойнасининг асосий достони Килиан Мбаппе атрофида кечмоқда. Уч ҳафта олдин «ПСЖ» юлдузли футболчисини таркибдан четлатганди, энди эса, Франция чемпионати 1-турида «Лорян»га қарши голсиз дурангдан кейин форвардни таркибга қайтаришди.

The Athletic хабарига кўра, парижликлар клуби Мбаппе билан шартномани узайтиришга умид қилмоқда, L’Équipe маълумотига кўра, футболчи текинга кетмасликка ваъда берган.

Клуб футболчи билан «самарали ва ижобий руҳдаги музокаралар» бўлиб ўтганини маълум қилди.

Журналист Абдел Булманинг хабарига кўра, Мбаппе энди «ПСЖ» билан шартномани 2025 йил ёзига қадар узайтиришга рози. Футболчининг бунинг учун кейинги йил ёзида «Реал»га трансфери кафолатланишини талаб қилмоқда.