Афтидан, доллар ва евро харидорлари фаоллигини валюта чекловлари жорий этиш борасидаги қўрқувлар тўхтата олмаяпти, МБ чора кўрганидан кейин ҳам бир муддат тин олган доллар курси ўсишда давом этмоқда, деб ёзади россиялик иқтисодий шарҳловчи ва журналист Татяна Рибакова.

Доллар 100 рубллик маррани забт этгач, Россия Марказий банки директорлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиб, асосий ставкани кескин — 350 базисли пунктга кўтариб, йилига 12 фоизлик даражада белгилади. Бироқ йиғилиш хабари олдидан кескин қадрини мустаҳкамлай бошлаган рубл йиғилишдан сўнг яна қулашда давом этди.

14 август куни учта воқеа бирваракайига рўй берди. Доллар 100 рубллик психологик чегарани босиб ўтди, Марказий банк 15 август куни асосий ставка бўйича навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилишини эълон қилди, ТАСС агентлиги эса президент ёрдамчиси Максим Орешкиннинг рубл таназзулида «Марказий банкнинг юмшоқ пул-кредит сиёсати», яъни кичик фоиз ставкаси айбланган мақоласини эълон қилди.

Агар расмий рақамларга эътибор қаратилса, сешанба кунигача 8,5 фоизни ташкил этган Марказий банк ставкасини у қадар паст деб атаб бўлмайди. Йиллик расмий инфляция кўрсаткичи 4,3–4,4 фоиз бўлиб турганда реал ставка (инфляция чиқариб ташланса) 4 фоиздан сал кўпроқни ташкил этаётганди. Агар Марказий банкнинг сўнгги уч ойда инфляция ўсиши 7,6 фоизга етгани тўғрисидаги маълумотлари ҳисобга олинса, реал ставка 1 фоизга тенг эди. Бу ҳам кўп эмас, реал ставка 2 фоиз бўлганда нейтрал ҳисобланади, лекин бу ҳам у қадар паст эмас.

Бугун Марказий банк Орешкиннинг танқидини ҳисобга олди ва ставкани оширди. Оширганда ҳам кечаги кун кўплаб экспертлар тахмин қилган миқдор — 300 базисли пункт, яъни 11,5 фоиздан ҳам юқорироққа. Орешкиннинг иккинчи истаги — рубл курсини мустаҳкамлашни эса Марказий банк уддалай олмади. Сешанба куни эрталабки соат 7 да 92,6 рублгача тушган доллар курси яна юқорига ўрмалай бошлади.

Айни пайтда Москва биржасида доллар 98,5 рублдан, евро эса қарийб 108 рублдан сотилмоқда. Нега рубл асосий ставка кескин оширилганига қарамай қаддини тиклай олмади?

Ўзи Марказий банк рубл курси бўйича истакларни бажаришга мажбур эмас. Чунки регулятор ваколатига миллий валюта курсини таргетлаш кирмайди. Унда буни бошқарувчи воситалар ҳам йўқ. Марказий банк инфляция учун жавобгар ⁠— у ставка бўйича қарорини айнан инфляция ошиб бораётгани билан тушунтирди