Саудия Арабистони — бу ёзда футболчиларнинг энг севимли йўналишига айланди. У ерга бутунлай бошқача миқёсдаги футболчилар ҳам йўл олишмоқда — «Олтин тўп» соҳиблари Роналду ва Бенземадан тортиб истиқболли футболчилар қаторида кўрилган Рубен Невеш кабиларгача. Мане ёки Канте калибридаги юлдузлар ҳам фаолиятининг қолган қисмини ушбу экзотик лигада ўтказишга қарор қилди.

Саудияликларнинг энг янги (ва энг кутилмаган) хариди — Неймарнинг «ПСЖ»дан «Ал-Ҳилол»га трансфери бўлди. Ва бу ҳолатда уч томоннинг ҳам манфаатлари муштарак эди — парижликлар футболчидан қутулмоқчи эди, футболчи ҳам вазиятни ўзгартиришга қарши эмасди, Саудия Арабистонидагилар эса шунчаки навбатдаги суперюлдузни кутаётганди.

Неймар нима учун «ПСЖ»дан кетишни истади?

Уч ҳафта олдин ҳам бразилиялик футболчининг кетишига ҳеч ким ишонмасди. Кўп жиҳатдан шунинг учунки, унинг ўзи бундай эҳтимолни рад этиб чиққанди. «Менинг келажагимга келадиган бўлсак, «ПСЖ»да қолишга умид қиламан. Менинг бу клуб билан шартномам бор. Ҳатто мухлислар мендан нафратланишса ҳам, мен шу ерда қоламан», — дея ишонтирганди Неймар июл ойи ўрталарида.

L`Equipe манбалари тасдиқлаганди: футболчи Парижда ўзини қулай ҳис қилаётган, уни маоши қониқтираётган, профессионал амбициялари эса фақат Европа билан боғлиқ эди. Аммо барчаси бошқача бўлиб чиқди.

Француз медиаси маълумотига кўра, Неймар «ПСЖ»дан кетиш ҳақида май ойида ўйлай бошлаган (алоҳида манбаларга кўра эса — январ ойидаёқ). Бунинг асосий сабабларидан бири мухлислар исёни эли — Париждаги торсида бразилияликдан нафратланган ва ҳатто унинг уйи қаршисида митинг уюштирган. Буларнинг бари ҳужумчини қўрқитиб юборган ва етарлича ноқулайлик келтириб чиқарган.

Клубдагилар ҳам Чемпионлар лигасида кетма-кет муваффақиятсизликка учралгач, Неймар — Мбаппе — Мессининг юлдузли триосидан норози бўлган ва бу футболчиларга нисбатан тактикани ўзгартирмоқчи эди. Бундан дастлаб Лионел жабр чекди — у клуб раҳбариятининг розилигини олмасдан, ноўрин вақтда (ўшанда клуб шов-шувли тарзда Франция чемпионатида «Лорян»дан мағлубиятга учраганди) Саудия Арабистонига бориб келгани учун жазоланган ва ҳатто расман узр сўрашга мажбур қилинганди. Шу тариқа, «ПСЖ»дагилар юлдузлар даври якунлангани, клуб ҳар қандай футболчидан устун туришини кўрсатиб қўймоқчи бўлганди. Якунда Месси Парижни тарк этди.

Кейин эса Мбаппе билан боғлиқ тарих бошланди, бунда ҳам раҳбарият қатъий позиция эгаллади: шартномасини узайтирмаслигини билдирган француз ҳужумчиси мавсумолди турнесидан тушириб қолдирилди ва унга бутун мавсум давомида захира ўриндиғида қолдириш билан таҳдид қилинди.

Аммо якунда Килиан қоладиган бўлди, матбуотда эса унинг Неймар билан мураккаб муносабатлари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди: L`Equipe маълумотига кўра, Мбаппе бир йил олдин у ва бразилиялик бир таркибда бўлмаслиги кераклигини уқтирганди.