Жаҳон | 15:54 / 18.08.2023
9005
3 дақиқада ўқилади

«Кичик хотиржамлик» — Орегонда 43 кишига мўлжалланган шундай кичик посёлка бор (фото)

Штатнинг Уолдпорт шаҳрида 43 кишига мўлжалланган посёлкада ёғочдан қурилган кичик уйларда ойига 650–750 доллар эвазига ижарага яшаш мумкин.

Соҳил бўйида жойлашган Tiny Tranquility («Кичик хотиржамлик») номли посёлкага 2018 йилда асос солинган. Ундаги ғилдиракли ёғоч уйларда 43 киши истиқомат қилиб келмоқда.

«Кичик хотиржамлик» кенг доирадаги қулайликлари ҳамда умумий фойдаланиш ҳудудларининг мавжудлиги билан одамларни ўзига жалб қилиб келмоқда.

Посёлка соҳилга яқин жойлашган. Аҳоли уй учун эмас, балки 220-370 м2 ер майдони учун 650–750 доллар атрофида ижара ҳақи тўлайди.

Бу ерда сув, электр, канализацияга уланиш ҳамда Wi-Fi бепул тақдим этилади.

Бундай уйларда яшашнинг минимал муддати — 1 ой. Узоқроқ муддат яшашни танлаганлар учун ижара ҳақи сезиларли даражада арзонлайди.

1115 м2 иссиқхона ҳудудида жамоат боғи, велосипед учун токчалар ҳамда омборхона учун жой ҳам бор.

Бундан ташқари, бир нечта жамоат бинолари мавжуд. Жумладан, бепул кир ювиш хонаси, ўйинхонага эга клуб хизмат кўрсатади.

Аҳоли автомобилларини уй яқинида бепул парковка қилишлари мумкин. Қишлоқ айни дамда ижарачилар билан тўлган бўлса-да, уйларнинг эгаси Жош Палмер яна бир шундай лойиҳани амалга ошириш нияти борлигини билдирган.

«Мен иккинчи шундай паркни барпо этиш бўйича ўйладим, бироқ ҳозир аниқ режалар йўқ. Бироқ бир нечта объектни кўздан кечирдим. Агар бундай лойиҳалар чиндан ҳам тўғри амалга оширилса, уларга талаб албатта бўлади», – дейди Палмер. 

Ягона эмас

Tiny Tranquility – Америкадаги бундай типда бунёд этилган ягона посёлка эмас. 

Масалан, Остин шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудда 328 та кичик уйлардан иборат қишлоқ мавжуд. Аввал уйсиз бўлганлар шу қишлоқдан қўним топган, улар барча мебеллар билан жиҳозланган бу уйларда яшаш учун ойига 225 доллар ижара ҳақи тўлашади.

Таниқли санъаткор Жон Бон Жови, Ford ва General Motors компанияларининг хайриялари ёрдамида Детройт шаҳрида кам даромадли оилалар учун 25 та кичик уй қуриб берилган.

Мавзуга оид