Ўсмирга ёнғинга сабабчи бўлгани учун 36 миллион долларлик жарима солинди
АҚШнинг Худ-Ривер округи судьяси орегонлик ўсмирни мушакбозлик вақтида олов билан эҳтиётсизлик қилгани учун 36,6 млн долларлик жаримага тортди. Суд ўсмирнинг бу қилмиши 2017 йилда 200 квадрат километр ўрмоннинг ёниб кул бўлишига олиб келган, деб хулоса қилган.
Тергов маълумотларига кўра, ўсмир дўстлари билан қуруқ ўт билан қопланган каньонлардан бирида мушакбозлик қилган. Улар бу ҳолатни видеога олишиб, сўнгра у ердан жўнаб кетишган. Қуруқ ўтга тушган олов тез орада катта ҳудудга тарқаб кетган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни бир неча кун ўчиришларига ва одамларни эвакуация қилишларига тўғри келган.
Орегон штати учун бу амалиёт 18 млн долларга тушган. Бундан ташқари, жарима қийматига уйларини йўқотган жабрланувчиларга тўланган пул ҳам киритилган. Ўсмир жаримани бирданига тўламасдан, уни 10 йил давомида тўлаб бориш ҳуқуқига эга. Жумладан, у қарзни жамоат ишларида ишлаш билан узиб бориши мумкин.
Судда ўсмирнинг ҳимояси у воқеа юз берган вақтда ҳали 15 ёшга тўлмаганини важ қилиб, уни оқлашга уринган.