Франциянинг собиқ президенти, ҳали ҳам мамлакат сиёсатида муҳим рол ўйнаб келаётган Николя Саркози ўзининг «Урушлар вақти» номли янги китоби (бу унинг «Бўронлар вақти» номли сиёсий мемуари давоми) чиқиши муносабати билан Le Figaro газетасига катта интервю берди. Унда (журналист билан Франциянинг ички сиёсати ва унинг жиноий иши ҳақида суҳбатлашиб) Саркози 2008 йилда Владимир Путинни Тбилиси йўлидан танкларни қайтаришга қандай кўндиргани ва нима учун у Россия президенти билан мулоқот зарурлигига ишонч комиллиги ҳақида гапириб берган. Саркози яна бир бор Украинанинг Европа Иттифоқи ва НАТОга киришига қарши чиққан.

Россиянинг 2008 йилда Гуржистонга бостириб кириши ҳақида

Руслар — бу славянлар. Улар биздан фарқ қилади. Ўртамиздаги мунозара ҳар доим қийин ва бизнинг умумий тарихимизда доимо кўплаб тушунмовчиликлар келтириб чиқарган. Аммо шунга қарамай, биз уларга, улар эса бизга муҳтож.

2008 йилда Европа Иттифоқи кенгашига президент бўлганимда Владимир Путин билан чуқур келишмовчиликларим бор эди. Мен уни Тбилисидан 25 километр масофада турган танкларни ортга қайтаришга кўндирдим. Гуржистонга босқинни у бошлади. Аммо бу вақтда, биз Ангела Меркел билан биргаликда унинг «қизил чизиқлари» ҳақида билишимизни кўрсатдик. Айнан шунинг учун ҳам биз АҚШнинг кучли босимига қарамай, Украина ва Гуржистонни НАТОга қўшишдан бош тортдик.

Биз Путин узоқ вақтдан бери Россия раҳбариятини васвасага солиб келаётган Ғарбга қарши паранойяга тушиб қолишини истамасдик. «Кремль қамали» комплекси эски ҳикоя. Путин хато қилди. Унинг қилган иши жиддий эди ва муваффақиятсизликка олиб келди. Аммо буни айтиб, олдинга ҳаракат қилиш ва чиқиш йўлини топиш керак. Россия Европанинг қўшниси ва шундай бўлиб қолади.

Путин ва у билан келишувга эришиш имконияти ҳақида

Президент Эммануэл Макроннинг Путин билан музокара ўтказиш нияти тўғри эди. Афсуски, у бу ишни охиригача олиб бормади, хусусан, Шарқий Европа давлатларининг босими туфайли. Менга Владимир Путин энди мен билган одам эмаслигини айтишди. Менинг бунга ишончим комил эмас. Мен у билан ўнлаб марта гаплашганман. У иррационал эмас. Шунинг учун, кимдир бу боши берк кўчадан чиқиш хавфини ўз зиммасига олиш керак, чунки бу масалада Европа манфаатлари Американики билан тўғри келмайди.

Биз ғалати «урушсиз уруш олиб бориш» ғоясига амал қила олмаймиз. Айниқса, бу уруш давом этса, стратегиямизга аниқлик киритишга мажбур бўламиз. Дипломатия, музокара ва фикр алмашиш мақбул ечим топишнинг ягона воситалари бўлиб қолмоқда. Муросасиз ҳеч нима ишламайди ва биз исталган вақтда ҳамма нарса назоратдан чиқиб кетишини таваккал остига қўямиз. Бу порохли бочка даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин.