Трамп 2024 йилги президентлик сайловларида қатнашиш истагини билдирган республикачи номзодлардан катта фарқ билан олдинда кетмоқда.
Бу Трампнинг умумий ғалабасини кафолатламайди: демократлар ва ҳали позициясини аниқлолмаган сайловчилар орасида унинг антирейтинги юқори.
Аммо 2016 йилги сайловларда ҳам Трамп сўзсиз фаворит статусида қатнашмаганди.
Доналд Трамп қандай қилиб «Тефлон Дон»га айланди?
2015 йил август ойида Американинг Politico нашри ижтимоий сўровномаларда Доналд Трампнинг ғайритабиий даражада барқарор машҳурлигига эътибор қаратган мақолани эълон қилганди — Трамп нима қилган бўлишидан қатъи назар, ўз рейтингини сақлаб қолган.
Ўшанда Трампнинг журналистлар билан мулоқот услуби «дабдабали ва очиқча» дея таърифлаганди.
Улар Трамп барча ноқонуний муҳожирларни «жиноятчи ва зўравонлар» деб атаганини эслаган. Трамп сенатор Жон Маккейнни, унинг барча ҳарбий мукофотлари ва беш йил Виетнамда асирликда бўлганига қарамай уруш қаҳрамони сифатида тан олишдан бош тортган.
Унинг аёлларни камситувчи баёнотлари шунчалик кўп эдики, ялтироқ журналлар уларни тўпламларга бирлаштирди. «Агар Ҳиллари Клинтон эрини бахтли қила олмаса, нега у Американи бахтли қила оламан деб ўйлаяпти», деганди Трамп ўзининг асосий рақиби, демократлар номзоди ҳақида.
«Агар (Трампнинг республикачилар партиясидаги рақиби) Жэб Буш, Ҳиллари Клинтон ёки бошқа исталган номзод Трампдек гапириб, у қилган ишларни қилганида, уларнинг сайловолди кампаниялари кўплаб салбий сарлавҳалар сабаб аллақачон ўлган бўларди. Аммо Доналд Трамп тирик ва одатдаги қоидалар унга тааллуқли эмаслиги аниқ», деб ёзганди Politico нашри.

Ўшанда журналистлар бундай барқарорлик Трампнинг карьера сиёсатчиси эмаслиги билан боғлиқ деган хулосага келган. У сиёсат оламига ташқаридан кириб келган йирик тадбиркор; у олдиндан мавжуд бўлган қоидалар, оммавий ахборот воситалари ва сиёсий институтлардан нафратланади — бу эса сайловчиларга ёқади.
Ўшандан кейин Доналд Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонди, бир муддат президентлик қилди ва кетишни шунчалик хоҳламадики, тарафдорларини исёнга қўзғади. Унга қарши очилган ҳар бир жиноий иш доирасида у бир неча ўнлаб моддалар бўйича айбланмоқда, уларнинг баъзилари учун 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Айбловлар орасида: юқоридаги исённи ташкиллаштириш, сайлов натижаларини бекор қилишга уриниш, махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ва бошқалар бор.

















