«Луна-25» сайёралараро автоматик станцияси Ой юзаси билан тўқнашув оқибатида «ўз мавжудлигини йўқотди», деб хабар берди «Роскосмос»дагилар 20 август куни — бу Ой миссияси бошланганидан 10-кунида рўй берди. Давлат корпорациясидагилар маълум қилишича, 19 август куни қўнишдан олдинги орбитага ўтиш чоғида «фавқулодда вазият» рўй берган. Кейинги куни «Роскосмос» аниқлик киритиб, аппарат билан алоқа йўқолганини билдирди. Корпорация мутахассислари алоқа ўрнатиш ва станцияни топишга муваффақ бўлмаган. Улар аппарат «режадан ташқари орбита»га чиқиб, Ернинг табиий йўлдоши юзасига қулаган, деб ҳисобламоқда.
«Луна-25»нинг учирилиши замонавий Россия тарихидаги биринчи ой миссияси бўлганди. Станция 11 август куни Амур областидаги «Восточный» космодромидан космосга кўтарилишни бошлаганди. У ойга 21 август куни қўниши режалаштирилганди. Бундан олдинги станция — «Луна-24» — 1976 йилда советлар томонидан учирилганди. Режага кўра, Россия аппарати Ойга юмшоқ қўниши ва кейин табиий йўлдошнинг жанубий қутб минтақасида тадқиқотлар ўтказиши ва ресурсларни, жумладан сув бор ёки йўқлигини текшириши керак эди.
Станция учирилишидан олдин Хабаровск ўлкасида Шахтинский посёлкаси аҳолиси эвакуация қилинганди. Эвакуация «Луна-25»ни коинотга олиб чиққан «Союз-2. 1б» ракета ташувчисининг биринчи поғонаси қулаши хавфи туфайли ўтказилганди. Кейинроқ маҳаллий аҳолига ўз уйларига қайтишга рухсат берилди. Ракета ташувчи парчалари посёлкадан 28 километр масофадан топилди.
Миссия давомида россияликлар станцияси бир неча тасвирларни, жумладан Ойнинг нариги томонининг жанубий қутб ҳудудидаги Зееман кратери фотосурати ҳамда илмий маълумотларни юборишга улгурди. Хусусан, «Луна-25» асбоблари Ой юзасига микрометеорит келиб урилишини қайд этишган.

«Луна-25» Ҳиндистоннинг «Чандраян-3» миссиясидан ўзиб кетиб, Ойнинг жанубий қутбига борган илк станция бўлиши мумкин эди.


















