«Навбаҳор»нинг ОЧЛдаги илк ўйини
Суперлига-2022нинг кумуш медали соҳиби «Навбаҳор» ва 4-ўрин эгаси ОКМК ОЧЛ гуруҳ босқичида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган 3-4-жамоаларга айланиши мумкин. Бунинг учун, Самвел Бабаян шогирдлари бугун, 22 август куни Қатарнинг ўтган мавсумдаги 4-ўрин соҳиби «Ал-Вакра» жамоасига қарши ўйнаса, Миржалол Қосимов шогирдлари 2-ўрин эгаси «Ал-Араби» меҳмони бўлади.

Бир ўйиндан иборат учрашувнинг Қатарда ўтказилиши мезбонларга устунлик берса-да, аммо бу мамлакатда мавсум энди бошлангани, Ўзбекистонда эса чемпионат қизғин палласида экани вакилларимиз фойдасига ишлаши мумкин. Жамоаларимиз якшанба куни Доҳага етиб борган. Қайд этиш жоиз, Қатардаги «Ал-Жануб» стадионида ўтадиган баҳс «Навбаҳор» тарихида Осиё Чемпионлар лигасидаги илк ўйин сифатида тарихдан жой олади.
«Лочинлар»нинг халқаро майдондаги ўтмиши
Наманган клуби ҳозиргача уч маротаба халқаро майдонда иштирок этган. Хусусан, водийликлар 1997/98 йилги мавсумда Ўзбекистон кубоги ғолиби сифатида Осиё кубок эгалари Кубогида иштирок этиб, иккинчи саралаш босқичидан ўта олмаганди. 1998 йилда эса Осиё Чемпионлар кубогида Ўзбекистон чемпиони сифатида иштирок этиб, гуруҳдан чиқолмаган. Сўнгги уриниши – 1999/2000 йилги мавсумда эса Осиё кубок эгалари кубогида ярим финалга қадар етиб борган.
«Ал-Вакра» қандай жамоа?
«Ал-Вакра» Қатарнинг ўз тарихига эга клубларидан бири саналади. Уй ўйинларини ЖЧ-2022 баҳсларини қабул қилган «Ал-Жануб» стадионида ўтказадиган жамоа 1959 йил ташкил этилган бўлиб, Қатарнинг 2 карра чемпиони ва 4 карра Қатар Суперкубоги ғолиби саналади.

Бартоломе Маркес қўл остидаги клуб ўтган мавсум Қатар чемпионатида 4-ўринни эгаллаган. Испаниялик 61 ёшли мутахассис мураббийлигидаги «Ал-Вакра» янги мавсумни ўтган ҳафтада «Ал-Муайдар» устидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади.
Легионерларга таянган жамоа
Қатарнинг бошқа клублари сингари «Ал-Вакра» ҳам асосан легионерлар эвазига натижа кўрсатиб келади. Жамоа таркибида 7 нафар – Лукаш Мендеш (Бразилия), Трент Сейнсбери (Австралия), Омар Салоҳ (Иордания), Ҳамди Фатҳи (Миср), Муҳаммад Бениеттоу (Жазоир), Желсон Дала (Ангола), Аюб Ассол (Марокаш) сингари легионерлар фаолият юритмоқда. «Навбаҳор»га қарши ўйинда қатарликларнинг асосий таркиб ўйинчиларидан бири Ал-Маҳди Али дисквалификация сабабли майдонга туша олмайди.


















