Ўзбекистон | 16:07 / 22.08.2023
16292
2 дақиқада ўқилади

Таълим соҳасида йиллар давомида ечимини кутиб, «чарчаган» муаммолар кўп – Саида Мирзиёева

Саида Мирзиёева 5–11-синфлар учун дарсликлар яратиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Саида Мирзиёева мактаб таълими соҳасидаги муаммоларни санаб ўтди. Шу билан бирга, уларнинг ечими изланаётгани ҳақида ҳам хабар берди.

«Таълим соҳасида қиладиган ишлар ҳам, йиллар давомида ечимини кутиб чарчаган муаммолар ҳам, оддий ичимлик сувидан тортиб, иситиш мосламалари-ю, санитар шароитлари йўқ мактаблар қанча. Афсуски, мактаблар қурилиши янги туғилаётган болаларга етиб улгурмаяпти. Ҳозирда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж бор».

Мирзиёева сўзларига кўра, ўтган 7 йилда муаммоларни бартараф қилиш учун кўплаб чоралар кўрилган.

«5140 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўтарилди. Миллатимиз пахта қуллигидан озод этилди. Ўқитувчиларни мактабга қайтариш президентимизнинг армони ва орзуси эди. Бугун ўқитувчи дарсда».

Мирзиёеванинг таъкидлашича, энди педагогларга янги дарсликлар, янги методика керак.

«Энди уларга тажриба, билим ва ўқитиш учун дастурлар, методика ва дарсликлар керак. Бу йил бошланғич синф ўқувчиларининг дарсликлари тубдан янгиланяпти. Ҳозирда 5–11-синфлар учун дарсликлар яратиш ишлари бошланди. Шу билан бирга янги методика асосида Тошкентда 300 нафар илғор педагог ўз малакасини оширди».

Саида Мирзиёева ўқитувчиларнинг замонавий билим ва қўникмаларни қунт билан ўзлаштириб, қолган ҳамкасбларига ҳам уларни етказишига умид билдирди.

Мавзуга оид