Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, Чилонзор Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида ташкил этилаётган Ҳамширалар академияси давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Лойиҳага кўра, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб, тиббиёт соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳамширалар таълим тизимини тубдан трансформация қилиш мақсадида қуйидагилар жорий этилади:

- ўқиш муддати икки йиллик бирламчи тиббиёт муассасалари учун “Умумий амалиёт ҳамшира”, “Патронаж ҳамшира”, “Тиббий ижтимоий иш”, “Тиббий профилактика иши” ходимлари ўқитилади;

- ўқиш муддати уч йиллик “Ихтисослашган ҳамшира”лар тайёрланади. Ихтисосликлари бўйича “Фельдшерлик иши”, “Ҳамширалик иши”, “Функционал ва лаборатор диагностика иши”, “Стоматология иши”, “Фармация” йўналишларида ўқитилади.

- ўқиш муддати 4 йиллик тиббиёт олий таълим муассасаларида “Олий ҳамширалик иши” мутахассислари тайёрланади. Бунда ЖССТ тавсияларига кўра, тўрт йил ўқиган ҳамшираларга “Ҳамширалик иши бакалаври” ёки “Ҳамширалик илмий бакалаври” унвони берилади.

- “Олий ҳамширалик иши” мутахассисига магистратурада таълимини давом эттириш, кейинчалик мустақил илмий изланувчи сифатида фаолият олиб бориш имконияти, илмий унвон ва лавозимга эга бўлиш ҳуқуқи берилади.