Ўзбекистон | 12:35 / 22.08.2023
8137
3 дақиқада ўқилади

«Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари совриндорларини рағбатлантириш миқдори эслатилди 

Совриндорларга 1 мингдан 5 минг долларгача мукофот берилади.

Фото: uzathletics.uz

23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Осиё ўйинлари ўтказилади.

«2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги президент қарорида терма жамоалар, алоҳида спортчиларнинг мусобақага тайёргарлик кўриши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилиши назарда тутилган.

Шунингдек, уларни рағбатлантириш миқдори ҳам белгиланган. Жумладан, Осиё ва Параосиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган спортчилар 5 минг АҚШ доллари миқдорида мукофотланса, кумуш ва бронза медали соҳиблари 3 минг ва 2 минг доллар билан, уларни тайёрлаган тренерлар 2,5 минг, 1,5 минг ҳамда 1 минг доллар билан тақдирланади. 

Бундан ташқари, Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган бошқа мутахассислар 2 минг, 1 минг, 500 доллар миқдорида ҳар бир медаль учун бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши назарда тутилган. 

Шунингдек, қарорга асосан ғолиб ва совриндор спортчилар, уларни тайёрлаган тренерлар қўшимча равишда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилади: 

а) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари: 

- олтин медаль учун — Базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 300 баравари миқдорида (ҳозир 99 млн сўм); 

- кумуш медаль учун — БҲМ 200 баравари миқдорида (ҳозир 66 млн сўм); 

- бронза медаль учун — БҲМ 100 баравари миқдорида (ҳозир 33 млн сўм); 

б) Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаган тренерлар: 

- олтин медаль учун — БҲМ 200 баравари миқдорида (ҳозир 66 млн сўм);

- кумуш медаль учун — БҲМ 100 баравари миқдорида (ҳозир 33 млн сўм);

- бронза медаль учун — БҲМ 50 баравари миқдорида (ҳозир 16,5 млн сўм);

«Ханчжоу-2022» Осиё ўйинларида 400 нафардан зиёд спортчи 39 та спорт турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид