Ўзбекистон | 08:04 / 23.08.2023
7495
2 дақиқада ўқилади

Талабалардан ортиқча ҳужжат талаб қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилди

Адлия вазирлиги талабалардан ортиқча ҳужжат талаб қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Олий таълим муассасалари томонидан талабалардан турли ҳужжатлар сўралаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Адлия вазирлиги уларнинг баъзиларини талаб этиш қонунга зид эканини маълум қилди.

Жумладан, аҳолидан қуйидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинган:

- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини;

- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосуратини;

- жисмоний шахс томонидан ўрта махсус, профессионал (касб-ҳунар) таълим муассасаси ёки умумий ўрта таълим муассасаси (11-синф негизида) тугатилганлигини тасдиқловчи маълумотларни (ҳужжатларни);

- кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотларни (ҳужжатларни);

- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотларни (СТИР);

- олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни.

Шунингдек, ушбу ҳужжат ва маълумотларнинг талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланиб, уларни талаб этган давлат идоралари жавобгарликка тортилади.

Бундай ҳужжатлар талаб қилинган тақдирда, фуқаролар Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларига мурожаат қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Мавзуга оид