BBC рус хизмати исмини Евгений Пригожин деб ўзгартирган ва энди қамоқхонада туриб эски исмини қайтариш учун судлашаётган Руслан Юнусов ҳаётини ҳикоя қилади.

Коми суди собиқ махсус хизмат зобити Евгений Викторович Пригожиннинг Печора шаҳар ФҲДЁ бўлимига нисбатан ўз номини ўзгартириш бўйича киритган даъво аризасини қаноатлантирмади. Очиқда юрганида уни Руслан Юсупов деб чақиришган, лекин 2018 йилда исмини Евгений Пригожин деб ўзгартириб «Вагнер» асосчисининг адашига айланган. Кўп ўтмай ўғрилик учун қамалган.

Энди собиқ зобит ўз исмини фақат қамоқхонадан чиққач алмаштира олади. У аввалроқ судга «Россия ўтказаётган махсус ҳарбий амалиёт муносабати билан» ўзига тайинланган жазони енгиллатишни сўраб мурожаат қилиб ҳам рад жавобини олганди.

Россия ички ишлар вазирлигидан нафақага чиққан Евгений Пригожин суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган собиқ ходимлари учун исмини ўзгартириш мумкинлигидан фойдаланиб, Печора шаҳар ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган. Аммо бундай жараённи амалга ошириш учун аризачи ФҲДЁга бориши талаб қилинади. ФҲДЁдагилар эса бу жараён учун қамоқхонага боришга мажбур эмас. Қонунчиликка кўра, улар қамоқхонага фақат никоҳни расмийлаштириш учун бориши керак.

Шу сабаб Коми суди ФҲДЁ бўлимининг рад жавобини 2016 йилдаги Россия Конституцион суди қарорига асосан қонуний деб топган. 2016 йилда ҳам маҳбуслардан бири исмини ўзгартириш учун ФҲДЁ бўлимига бориши мажбурий эмаслиги бўйича судлашган ва ўша воқеадан кейин Конституцион суд бу борадаги жараённи ҳуқуқийлаштириб қўйганди.

2016 йилдаги КС қарорида маҳбуслар ўз фуқаролик ҳуқуқларидан бошқа фуқаролар билан умумий шароитда объектив тарзда фойдалана олмаслиги айтилган. Бундан ташқари, фуқаронинг исмини ўзгартириш ҳуқуқи сўзсиз амалга ошадиган нарса эмас, унда баъзи нарсаларни аниқлаштириш керак бўлади. Масалан, исмини ўзгартирмоқчи бўлган аризачи буни қайси фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланиш учун қилмоқчи эканини тушунтириб бериши лозим.

2018 йилдан Евгений Пригожин деган ном олган Руслан Юнусов Ярослав областининг Коточижовка қишлоғида туғилган. СОБРда хизмат қилгач, Петербург яқинидаги Всеволожска шаҳри жиноят қидирув бўлимида фаолиятини бошлаган. 2016 йилда полициядан ҳайдалиб, хусусий корхонада қўриқчилик билан шуғулланган. «Фонтанка» нашрига кўра, икки йил ўтиб исмини Евгений Пригожин деб ўзгартирган.

Судда Юнусов-Пригожин исми, фамилияси ва отасининг исмини фаолияти сабаб ўзгартирганини айтган, лекин айнан қандай мақсадда бу ишни қилганини очиқламаган.