Оқ уйга яна даъвогарлик қилаётган собиқ президент ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Милуокига бормаслигини ёзганди. Трамп шундоқ ҳам ҳаммадан олдинда экани ва машҳурлик учун курашишдан ҳеч қандай маъно кўрмаётганини билдирган.

«Жамоатчилик менинг кимлигим ва президентлик муддатим қанчалик муваффақиятли ўтганини билади. Шунинг учун мен дебатда қатнашмайман», дейилади хабарда.

Бироқ, собиқ президентнинг дебатда иштирок этишдан бош тортиши унинг штаб-квартираси Трампнинг жиноий иши билан бандлиги ва ушбу мавзу бўйича ноқулай саволларга жавоб беришни истамаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Республикачилар дебати бутун мамлакат бўйлаб трансляция қилинди.

Уни ўтказиш учун Висконсин штати тасодифан танланмаган. Бу президентлик пойгаси иштирокчилари шиддатли кураш олиб борувчи беқарор штатлардан (бирор партия ҳукмронлиги тўлиқ мустаҳкамланмаган штат) биридир.

Охирги президентлик сайловида бу ҳудудда Жо Байден етакчилигидаги демократлар кичик фарқ билан ғалаба қозонган эди.

Кучлар нисбати қандай?

Сўровларга кўра, америкалик республикачиларнинг 50 фоиздан ортиғи тўрт ҳолат бўйича жиноий иш очилганига қарамай, Доналд Трамп номзодини қўллашга тайёр. Фото: Getty Images

Республикaчилар партиясидан президентликка даъвогарлар орасида энг машҳурлари Трамп, АҚШнинг собиқ вице-президенти Майк Пенс, Флорида губернатори Рон ДеСантис ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Ҳейлидир.

Кузатувчиларнинг қайд этишича, бу гал асосий номзодлик пойгасида рекорд миқдордаги номзодлар — тадбиркорлардан тортиб, мэрлар, сенаторлар, собиқ ва амалдаги губернаторларгача қатнашган.

Бироқ теледебатлар босқичига йўл олиш учун бир қатор бошқа шартларни бажаришдан ташқари, номзодлар умумхалқ овоз беришнинг уч тури якунлари бўйича камида 1 фоиз овоз тўплаши керак.

Фақат тўққиз киши бу тўсиқдан ўта олган.

Айни дамда Доналд Трамп пойгада сўзсиз етакчи. New York Times нашри сўровларига кўра, уни бутун мамлакат бўйлаб республикачиларнинг тахминан 54 фоизи қўллаб-қувватлайди (турли сўровномалар натижалари 1-2 фоиз фарқ қилиши мумкин).