Мутахассислар ҳануз «стокҳолм синдроми» ташхис сифатида бор нарсами ёки психологик механизмми дея баҳслашиб келишади. Бироқ у сиёсий штамп сифатида яшаб келмоқда. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари поймол қилишини қўллаб-қувватлашадими? Халқ учун фойдали иш қилолмайдиган ҳукумат учун овоз берадими? Шовқинли озчиликнинг талабларига бўйсунадими? Буларнинг барчасини албатта кимдир «стокҳолм» синдроми билан тушунтиради.

1973 йилдаги воқеа. Полициячилар банк биносини нишонда ушлаб туришибди. Фото: sr.se

Стокҳолм синдроми нима ўзи?

Психологларга агрессор билан идентификциялашув феномени — қурбон ўзининг қийновчи шахсга симпатия қилиши азалдан маълум. Бу ҳодисани Шандор Ференци ва Анна Фрейд 1930-йиллардаёқ ёзиб кетишган. Швед психиатри Нилс Бейерут 1973 йилнинг 23 августида Стокҳолмдаги Норрмалмсторг майдонида жойлашган Kreditbanken банки эгалланганда гаровга олинганлар ўзини қандай тутгани тўғрисидаги журналистлар саволига айнан уларнинг ёзиб кетгани орқали жавоб берган (Бейерут ўша кризис чоғида полиция маслаҳатчиси бўлган). Агрессор билан идентификациялашув — гаровга олинганнинг босқинчига симпатиясини у «норрмалмсторг синдроми» деб атаган. Тез орада бу қийин талаффуз қилинувчи ибора барчага таниш Стокҳолмга алмаштирилган.

Нилс Бейерут. Фото: BBC

Бейерут ҳеч қанақа янгилик очмаган ва бунга ҳеч қачон даъво ҳам қилмаган. «Синдром» энг аввал бошдан қатъий термин эмас, шунчаки бир метафора (киноя) бўлган. Норрмалмсторг босқини телевидение воқеаларни жонли эфирда кўрсатган дастлабки ҳодисалардан бири бўлган. Шу сабабли бу метафора тезда машҳур бўлиб кетган ва «агрессор билан идентификациялашув» каби мураккаб терминнинг ўрнини босган.

Ўшанда банкни эгаллаган босқинчилар Ян-Эрик Улссон ва Кларк Олофссон оддий жиноятчилар бўлишган (улар қамоқда ўтириб чиқиб, Швецияда яшашмоқда). Норрмалмсторгдаги Kreditbanken банкида террорчилик акти эмас, оддий ўғрилик рўй бераётганди: босқинчиларнинг мақсади ҳам швед ҳукумати ва фуқароларини қўрқитиш эмас, пул эди.  Уларда ўлдириш ва ўлиш учун ярайдиган қандайдир бир олий ғоя ҳам бўлмаган.

Ян-Эрик Улссоннинг ушлаб олиб чиқилиши. Фото: washingtonpost.com