Ўзбекистон | 16:30 / 28.08.2023
6278
3 дақиқада ўқилади

220 минг ўқитувчидан 86 минг нафарининг билим ва кўникмаси “қониқарсиз” баҳоланган 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимидаги масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиляпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 107 та тумандан талаба бўлганлар олийгоҳга кириш имтиҳонларида математика бўйича максимал баллнинг ярмини ҳам йиға олмаган.

Энг паст кўрсаткичлар – Андижон, Наманган, Самарқанд, Янгиер, Ангрен, Янгийўл, Бекобод, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари, Андижон, Асака Давлатобод, Конимех, Самарқанд, Сирдарё, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Тошкент, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Миробод туманларига тўғри келади. 

Физика (ўртача 42 балл), кимё (ўртача 44 балл) ва биология (58 балл) бўйича ҳам бирорта туман ва шаҳарда мақтагулик натижа йўқ. 

Ўтган йили 220 минг муаллимдан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмаси “қониқарсиз” баҳоланган. 

Энг ёмон кўрсаткич – Қўқон шаҳри, Арнасой, Поп, Конимех, Чироқчи, Деҳқонобод, Яккабоғ, Ургут, Сайхунобод, Сирдарё, Қизириқ, Ангор, Бойсун, Шеробод, Олмазор, Бектемир, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Тупроққалъа туманларида.

Айниқса, ҳозирда талаб юқори бўлган информатика (62 фоиз), физика (51 фоиз), инглиз тили (49 фоиз), математика (45 фоиз) ва кимё (44 фоиз) фани ўқитувчиларининг билими “қониқарсиз” эканлиги аниқланган.

Тошкент вилоятида физика, кимё, она тили ва адабиёт, Сирдарёда математикадан ўқитувчиларнинг – 60 фоизи, Наманганда информатикадан – 68 фоизи, Жиззахда инглиз тилидан – 52 фоизининг билими қониқарсиз.

51 минг нафар чет тили ўқитувчиларидан атиги 17 минг нафари (33 фоизи) “C-1” даражасига эга. 2025 йилдан бошлаб чет тилидан фақат “C-1” даражаси бор ўқитувчилар дарс ўтиши мумкин бўлади. 

Хоразмда атиги 656 нафар (20 фоиз), Жиззахда – 466 нафар (23 фоиз), Сурхондарёда – 848 нафар (25 фоиз) Андижон, Самарқанд ва Қашқадарёда – 1,2 минг нафардан (25 фоиз), Фарғонада – 1,4 минг нафар (26 фоиз) ва Сирдарёда – 303 нафар (28 фоиз) чет тили муаллимлари “C-1” даражасига эга.

Навоийда эса бу кўрсаткич 1,6 минг нафар ёки 68 фоизни ташкил қилиб, республика бўйича 1-ўринда.

Мавзуга оид