Маълум қилинишича, бу йил 387 минг нафар ўқувчи мактабни тамомлаган бўлса, шундан 138 мингтаси олийгоҳларга ўқишга кирган, яна 54 мингтаси профессионал таълим билан қамраб олинади.
“Қолган 195 минг нафар ёшлар-чи? Улар эртага иш топа олмаса, ким бўлади? Наманган – 32 минг, Қашқадарё – 30 минг, Самарқанд – 25 минг, Қорақалпоғистон ва Андижон – 18 мингдан, Тошкент вилояти – 16 минг, Жиззах ва Фарғона – 14 мингдан, Хоразм – 10 минг, Сурхондарё – 7 минг, Бухоро ва Навоий – 4 мингдан, Сирдарё ва Тошкент шаҳри – 2 мингдан.
Ўтган ҳафта Оқдарёдаги 32-мактабда тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчиларни касбга ўқитиш тажрибаси билан танишдим. Ушбу мактабда ўқувчиларни 7-синфдан бошлаб маҳалла ва туманда талаб юқори бўлган ветеринар, агроном, мева-сабзавот қуритиш, ипакчи, мебелчи, автомобиль устаси каби 15 та касб-ҳунарга ўргатиш ва 2 та чет тилини ўқитиш йўлга қўйилган.
Энг муҳими, бу ишлар маҳаллий бюджет ва тадбиркорлар ҳисобидан ташкил қилинган бўлиб, ўқувчилар бу ерда иш ҳақи олмоқда”, деди президент.
Билдирилишича, барча вилоятлар “ОблОНО” раҳбарлари Оқдарёга бориб, бир ҳафта давомида ушбу тажрибани ўрганади.
Эркин Турдимов (Самарқанд вилояти ҳокими - таҳ.) кейинги ўқув йилига қадар Самарқанддаги ҳар бир туманда 10 тадан мактабда бу тизимни жорий қилади. Қолган вилоят ҳокимлари йил якунигача ҳар бир туманда камида иккитадан мактабда ушбу тажрибани йўлга қўяди.















