Маълум бўлишича, ўтган 5 йил давомида давлат хизматлари соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 20 га яқин президент ҳужжатлари ва 170 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинган ва бу тизимда катта ўсишга олиб келган.

“Натижада давлат хизматлари кўрсатиш тизими модернизация қилинган: 2018 йил Давлат хизматлари марказлари фаолият бошлаган пайтда дастлаб 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирда 310 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

2018 йилда кунига ўртача 15-17 минг фуқаро Давлат хизматлари марказларида хизматлардан фойдаланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 70-75 мингни ташкил этмоқда. Айрим хизматлар натижаларини олиш учун келган фуқаролар билан қўшиб ҳисоблаганда ташриф буюрувчилар сони 100-115 мингни ташкил этади.

Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳозирга қадар 52 млндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Энг эътиборлиси, Давлат хизматлари марказларида иш ҳажми қарийб 4 бараварга кўпайган бўлса-да, ходимлар сони кўпайтирилмади”, — дейди Мелиев.

Худоёр Мелиев

Бундан ташқари тезкорликни ошириш мақсадида, хизматлар “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратилгани навбатда туриш вақтини сезиларли даражада қисқартирди. Ушбу тартиб Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жорий этилган. Фуқаролар рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, давлат хизматларидан экстерриториал тамойил бўйича фойдаланиш имкониятининг яратилгани ҳам фойдаланувчилар сонини ошишига ва қулайликка олиб келди.

«Европа Иттифоқи ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида ДХМга ташриф буюрувчилар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижасига кўра, фуқароларнинг 90 фоизи кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш ҳосил қилиб, марказ ходимлари фаолиятини аъло баҳолаган».

Вазир ўринбосари фуқаролар ДХМ фаолиятидан қониқиш даражаси юқорилиги ўзларига билдирилаётган ишонч ва масъулият деб баҳолаган. Маълум бўлишича, йил охиригача кўрсатиладиган хизматлар турлари камида 350 тага, келгуси йил охирига қадар 450 тага етказишга ҳаракат қилинмоқда.

Кўрсатилаётган хизматлар сонининг ошиши бир қатор рисклар, хусусан, мурожаатчилар кўпайиши ҳамда хизматдан фойдаланишда кутиш вақтининг ортиб боришига сабаб бўлади. Шунингдек, ўз навбатида марказ ходимларининг иш юкламаси янада ортишига олиб келади. Мелиевга кўра, бунда фойдаланувчилар учун максимал қулайликлар яратиш учун қуйидаги устувор йўналишларда фаолият кучайтирилмоқда: