Бу Украинанинг ёзги қарши ҳужуми натижасида эгалланган 12-қишлоқ, август ойида қайтарилган иккинчи қишлоқ бўлиб турибди. Россия қўмондонлиги пайдо бўлаётган шароитларда элитали десант қўшинларини Запорижжя ва Донецк области чегараларидаги критик участкаларни ҳимоя қилиш учун ташлашга мажбур бўлмоқда ва бунинг учун бошқа йўналишдаги позициялари ожизлашиб қолмоқда, деб қайд этмоқда ғарблик экспертлар.

Улардан айримлари алалоқибат исталган жойда Россия мудофааси ёриб ўтилиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда, бироқ россияликлар узоқ вақт мудофаага тайёргарлик кўргани учун аввалгидек Украина ҚКнинг қарши ҳужумининг давом этиши асло енгил бўлишини ҳеч ким кутаётгани йўқ.

Россия Украина жанубига элита қўшинларни жўнатмоқда

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ўз кунлик ҳисоботида Луҳанск областининг Креминна районида РФ ҚК позицияларини мустаҳкамлаш учун ва Запорижжя областидаги Работине қишлоғида Украина ҚК сиқувини қайтариш учун ҳаво-десант қўшинларининг 76-гвардиячи десант штурм бригадаси ташлангани ҳақида хабар берди. Муаллифлар қайд этишича, бу дивизия «стратегик захира» тоифасига мансуб бўлиб, бу йўналишда вазият жиддийлигидан далолат беради.

Бу ҳақда денгиз пиёдалари собиқ офицери, Ташқи сиёсат тадқиқотлари институти (FPRI) катта илмий ходими Роб Ли ҳам таъкидламоқда. Унинг қайд этишича, 76-дивизия РФ қуролли кучлари сафида энг яхшиларидан бири ва нисбатан «янги». «Украина жанубидаги Россия кучлари катта босим остида, шунинг учун РФ ҚК у ерда ўз захираларидан фойдаланмоқда. РФ ҚК ҳаво-десант қўшинларининг қолган қисмлари бу ёқда Бахмутда жанг қилишмоқда», — деб ёзган Ли ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Россия қўмондонларида бошқа илож ҳам қолмаган, чунки Украина ҚК ўз бош мақсади бўлмиш Мелитопол шаҳрига олиб чиқувчи йўналишда Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида жойлашган Урожайне, Работине ва яна ўнга яқин қишлоқларни эгаллаган. Мелитопол эгалланиши Қримга қуруқликдан йўлни кесиб қўйиш имконини беради. ISW’дагилар айтишича, Россия ҳаво-десант қўшинларининг (ҲДҚ) амалда барча бўлинмалари украинлар қарши ҳужум олиб бораётган ҳудудларда ҳаракат қилмоқда. Аввалроқ РФ ҚК 7-гвардиячи тоғ ўқчи дивизиясини Херсон областидан Запорижжя области шарқида ва ғарбида Россия мудофаасига кўмак бериш учун кўчиришган, Луҳанск областидаги ҲДҚ кучлари Донецк областидаги Бахмут шаҳри қанотларини ёпиш учун сафарбар қилинган эди. Буларнинг барчаси элита бўлинмаларидан фронт чизиғининг критик муҳим участкаларини мустаҳкамлаш учун фойдаланилаётганидан далолат беради.