17:57 / 06.09.2023
9293

Энтони Блинкен Киевга келди

Унинг ташрифи доирасида Украина учун янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилиниши мумкин.

Украина ТИВ матбуот хизмати / AP / Scanpix / LETA

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 сентябр куни тонгда Украина пойтахти Киев шаҳрига ташриф буюрди.

Ташрифи бошида Блинкен АҚШ элчихонасига кириб ўтган, кейин эса Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба билан Россия босқинига қарши курашиб ҳалок бўлган украин жангчилари дафн этилган Берковецке қабристонини зиёрат қилган.

Кулебанинг қайд этишича, Блинкен унинг «Киевдаги ташрифини ҳалок бўлган қаҳрамонларни хотирлаш билан бошлаган илк ҳамкасби бўлди».

Ташриф давомида Блинкен Украина президенти Володимир Зеленский билан ҳам учрашади. CNN манбасига кўра, АҚШ ҳукумати ундан украин армияси «яқин ҳафталар ичида қандай ҳаракатланмоқчилиги» ҳақида маълумот олмоқчи.

Давлат департаментининг юқори мартабали мулозими Блинкен Украина учун бир миллиард доллардан ортиқ қийматдаги янги ҳарбий ёрдам пакети эълон қилиши ҳам мумкин.

Энтони Блинкен Украина ТИВ биносига кирмоқда
Brendan Smialowski / AFP / Scanpix / LETA

Энтони Блинкен Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён Киевга учинчи бор расмий ташриф билан келди. 2022 йил апрелида у Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан биргаликда Киевга келган, бу РФ қўшинлари Киев областидан чекинганидан бир неча ҳафта ўтиб содир бўлганди. Блинкеннинг Киевга иккинчи ташрифи 2022 йил сентябрида рўй берганди, ўшанда Украина қуролли кучлари Харкив областининг оккупация қилинган ҳудудларини озод этганди. Бундан ташқари, Блинкен 2022 йил мартида Полша ва Украина чегарасида Дмитро Кулеба билан учрашган.

Блинкеннинг Киевга учинчи ташрифи Украина қуролли кучлари мамлакат жанубида қарши ҳужум олиб бораётган даврга тўғри келмоқда. 3 сентябр куни «Таврия» гуруҳи қўмондони, Украина ҚК генерали Олександр Тарнавский украин ҳарбийлари Россия қўшинларининг жанубий фронтдаги илк мудофаа чизиғини ёриб ўтгани, бу россияликлар мудофаасидаги энг яхши мустаҳкамланган чизиқ бўлганини айтганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top