2001 йил бошларида Ўзбекистонда «Заковат» интеллектуал телеўйинлари эфирга узатилиб бошларкан, ундаги илк иштирокчи жамоа – Ҳабибулло Ражабов жамоаси қисқа вақт ичида халқ меҳрини қозонишга улгурган эди. Аммо кўп ўтмай жамоа негадир лойиҳадаги иштирокини тўхтатди. Бу ҳақда томошабинларга на жамоа аъзолари ва на телеўйин ташкилотчиларидан бирор аниқ тушунтириш берилмади.

Kun.uz мухбири “Заковат” мухлисларининг энг севимли жамоаларидан бири бўлган ушбу жамоа аъзоларини 20 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб интервю столи атрофида тўплади.

— Қаранг, орадан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Хўш, бугун ким қаерда, нима билан машғул?

Ҳабибулло Ражабов:

— Ўша 20 йил олдинги воқеалар биз учун ҳам жуда бир ҳаяжонли бўлган. Интеллектуал ўйинлар, кўрсатувлар эндигина эфирга чиқа бошлаган пайтда бу ўйин ҳам ўзига яраша мухлисларини топган эди. Ва ўша ўйиннинг бир қисми бўлганимиздан фахрланамиз.

Ҳозир ҳам интеллектуал жараёнлардан узоқда эмасмиз. Кўрсатувларда қатнашмасак-да, бирлигимиз сақланиб қолган, доимий йиғилишлар, суҳбат-мунозаралар бўлади. Бунинг сабаби деярли барчамиз ҳозир ҳам таълим тизимида ишлаймиз. У даврлар биз учун ҳам қизиқ даврлар эди, ўқиш, изланиш, китоб ахтаришлар ўша даврдан шаклланиб қолган бизда. Йиғилишларимизда ҳам шу янги маълумотлар, қандай янгиликлар бўлаётганини бўлишамиз. «Заковат»да топганларимизнинг энг муҳими шу қадрдонлар давраси, дўстлик.

Ўзим ҳозир Тошкент давлат транспорт университетида доцентман. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа докториман ва талабаларга ҳам шу йўналишда дарс бериб келяпман.

Дилшод Саъдуллаев:

— Айни вақтда ўзим ўқиган мактабда математика фанидан дарс беряпман. Орада университетни тугатгач, 15 йил давомида олий таълим тизимида ишладим. Ўзбекистон Миллий университети, Иқтисодиёт университетларида олий математика ва эҳтимоллар назарияси бўйича дарс бердим. Яқин 5 йилдан бери эса шу халқ таълимидаман.

Собиржон Қодиров:

— «Заковат»дан кейин анча жойларда бўлдим. Ўқишни битиргач, ҳарбий хизматда бўлдим, сўнг хусусий бир соҳаларда ишладим. «Ўзгидромет»да ҳам ишладим, орада Германияда ўқиб келдим. Ҳозир Миллий тадқиқот университетида дарс бераман, шу орада ҳам Испания ва Италияда ўқидим. Умуман, асосий фаолиятим университетда бўляпти ҳозир.