АҚШ раҳбари Жо Байден Аляскада нефт-газ конларини ўзлаштириш бўйича ер ижараси учун аввалги президент Доналд Трамп вақтида берилган рухсатномаларни бекор қилди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар қилинди.

«Иқлим инқирози сабаб Аляскадаги ҳарорат дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан икки баравар тез кўтарилмоқда. Шу боисдан биз бу минтақани сақлаб қолишга жавобгармиз», — дейилади Байденнинг Оқ уй томонидан эълон қилинган баёнотида.

Қайд этилишича, Байден администрацияси Арктика миллий ёввойи табиат қўриқхонаси ҳудудидаги 7 та ижара шартномасини бекор қилади. Шунингдек, ушбу қарор Аляска миллий нефт захираси ҳудудида бурғилаш ишларини ҳам тақиқлайди. 

Доналд Трамп 2019 йилда қўриқхона ҳудудида нефт қазиб олишни таклиф қилганди. The Wall Street Journal бу ҳудуддаги ерларни ўзлаштириш нефт компаниялари учун янги даромад манбайи, шунингдек, минтақа иқтисодиёти ривожланишига туртки бериши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Бироқ америкалик экологлар қўриқхона ҳудудида нефт қазиб олиш Аляска экотизими бузилишига олиб келиши, оқибатда табиатга сезиларли даражада зиён етишини таъкидлаганди.

Трампнинг таклифига қадар ҳудуддан нефт ва газ қазиб олиш масаласи ёпиқ бўлган. Умуман, Арктика миллий қўриқхонаси ҳудудидан нефт қазиб олиш мумкин ёки йўқлиги борасидаги баҳслар 1970-йиллардан бери давом этиб келади.