Жаҳон | 11:12 / 07.09.2023
5208
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Киевда Блинкен билан учрашди

Украина раҳбари Блинкенга, хусусан, ҳарбий ва энергетика соҳаларида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Киевга ташрифи доирасида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Украина раҳбари Блинкенга, хусусан, ҳарбий ва энергетика соҳаларида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. Зеленский Украинани оғир қиш кутаётганини таъкидлади, бироқ у мамлакат халқи ундан эсон-омон чиқиб олишига ишонч билдирди.

«Президент Байден мендан саъй-ҳаракатларни максимал даражада ошириш ва бошқа давлатлар кўмагига ишонч ҳосил қилиш, шунингдек, Украинага куч яратишда ёрдам бериш бўйича ишларни амалга ошириш учун қўллаб-қувватловимизни такрорлаш мақсадида боришимни сўради», деди Блинкен.

Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Украинанинг қарши ҳужумида катта муваффақиятларни кўряпти. Шунингдек, у АҚШ президенти Жо Байден ҳам Зеленский билан учрашишни интиқлик билан кутаётганини айтди.

«Мавжуд бўлган бир қатор масалаларни муҳокама қилишни интиқлик билан кутяпман ва биламанки, президент сизни тез орада кўрмоқчи», — деди давлат котиби.

Мавзуга оид