Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа кенгаши раҳбари Россияни Украина портлари блокадасини олиб ташлашга чақирди
Россия нафақат Украинада, балки бутун дунёда ўта муҳтожларни, жумладан, Жанубий Осиёда ҳам озиқ-овқатдан маҳрум этмоқда, деди Шарл Мишел Ҳиндистондаги G20 саммити олдидан.
Европа кенгаши раиси Шарл Мишел Россияни Украинанинг Қора денгиз портларига ҳужумларни тўхтатишга чақирди. «Ғалла битими»дан чиққандан сўнг, Россия Федерацияси Украина портларини тўсиб қўйди ва уларга ҳужум қилмоқда, буни қабул қилиб бўлмайди, деди у 8 сентябр, жума куни Нью-Деҳлида, G20 раҳбарларининг учрашуви арафасида. «Буни тўхтатиш керак», деди Мишел.
Унинг сўзларига кўра, Россия Украинага ҳужум қилишда, унинг шаҳарларини вайрон қилишда давом этмоқда, аммо уруш «Украина чегараларидан узоқда, шу жумладан Жанубий Осиёда ҳам одамларни очликка дучор қилмоқда». «Дунё бўйлаб 250 миллиондан ортиқ одам ўткир озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда. Украина портларига ҳужумлар уларни жуда зарур бўлган озиқ-овқатдан маҳрум этмоқда», - деди Европа кенгаши раҳбари.
Шарл Мишел ғалла ташувчи кемалар Қора денгизга хавфсиз кириш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Унинг эслатишича, 2022 йил ёзида келишилган «ғалла йўлаги»га кўра, жаҳон бозорига 30 миллиондан 32 миллион тоннагача Украина ғалласи экспорт қилинган ва у «биринчи навбатда ривожланаётган мамлакатларга» жўнатилган. «Шунинг учун Африкага бир миллион тонна ғалла етказиб бериш ҳақидаги таклиф мутлақо бемаъни», - дея қўшимча қилди Мишел. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Украина озиқ-овқат маҳсулотларининг Европа «бирдамлик каналлари» орқали муқобил экспорти йўлларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқда, бу орқали «ҳозиргача 41 тонна ғалла етказиб берилган».
Нью-Деҳлида G20 саммити
G20 саммити 9-10 сентябр кунлари Нью-Деҳлида бўлиб ўтади, унинг асосий мавзуларидан бири Украина уруши бўйича умумий позиция бўлади. Хусусан, саммитда АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шолц иштирок этади. Британия бош вазири Риши Сунак аллақачон Ҳиндистонга етиб борган. Россия президенти Владимир Путин саммитда қатнашмайди, Россия томонидан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этади. Хитой раҳбари Си Жинпинг ҳам бўлмайди.
G20 19 та энг муҳим саноатлашган ва ривожланаётган иқтисодиётлардан, шунингдек, Европа Иттифоқидан иборат. Улар дунё аҳолисининг учдан икки қисмини, шунингдек, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 85 фоизини ташкил қилади.
2023 йил июл ойида Россия урушга қарамай, Қора денгиз орқали Украина озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш имконини берадиган «ғалла битими»ни узайтиришдан бош тортди.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025