Жаҳон | 11:19 / 11.09.2023
8889
3 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари уруш бошланганидан бери тўртинчи бор Киевга ташриф буюрди

Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, унинг сўзларига кўра, бутун Европа эркинлиги учун курашаётган Украина билан бирдам. У Украинани Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида қўллаб-қувватлашга ваъда берди. 

Фото: Dominik Butzmann/Imago Images

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 11 сентябр, душанба куни эрталаб Киевга эълон қилинмаган ташриф билан келди – ўтган йилнинг февралида Украина уруши бошланганидан бери тўртинчи бор. Dpa агентлигининг қайд этишича, Бербок Киевга Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси йиғилишидан бир ҳафта олдин келган ва шунинг учун унинг ташрифи аҳамиятли бўлиб, Украина билан бирдамликни намойиш этишга қаратилган. 

Бербок Киевга поездда Полшадан тунда махсус рейс билан етиб келди, чунки Украина ҳаво ҳудуди уруш туфайли ёпиқлигича қолмоқда. Уни Киевдаги вокзалда Германиянинг Украинадаги элчиси Мартин Егер кутиб олди. 

Украина билан бирдамлик 

Анналена Бербок Украинани Германиянинг сўзсиз қўллаб-қувватлашига ишонтирди, бироқ айни пайтда Киевни ислоҳотларни давом эттиришга, жумладан, коррупцияга қарши курашга ҳам чақирди. 

«Бомбалар ёмғири остида ва Россия танклари қаршисида Украина ишончли ва қатъий равишда Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидан кетяпти. Украина барчамизнинг эркинлигимизни улкан жасорат билан ҳимоя қилмоқда. Украина бизнинг мудофаамиз учун тик турибди, у бизга ишониши мумкин», - дея таъкидлади Бербок ҳамда ўз мамлакати Украинани Европа Иттифоқига кириш йўлида қўллаб-қувватлашини билдирди.

2022 йил июн ойидан бери Украина Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомига эга. Ўшанда Европа комиссияси Украина учун еттита устувор вазифани ишлаб чиқди. Киев, Брюсселга кўра, аллақачон бу вазифаларнинг бир қисмини қисман бажарган. Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш шартларига риоя қилишига оид янги ҳисобот октябр ойида эълон қилиниши кутилмоқда. 

Россияни танқид қилиш 

Киевга етиб келган Германия ташқи ишлар вазири Россия раҳбариятини ва Украинага қарши бошлаган урушни яна кескин танқид қилди. 

«Тажовуз нафақат Украинадаги кундалик ҳаётга ва фуқаролик объектларига мақсадли ҳужумларда намоён бўляпти. Бу ҳаракатлар одамларни синдириб, тушкунликка солиши ва чарчатишни мақсад қилган», деди Бербок.

Мавзуга оид