Қишлоқ хўжалигига бозор керак экан

Президентнинг иродали қарори билан фермерлар етиштираётган буғдой биржада сотиладиган бўлди ва ўша заҳоти минг бир муаммо ўз-ўзидан сўрила бошлади – малҳам таъсирида инфекция ўчоғи сўрилгани каби. Буёғига энди ғаллачилик соҳаси бўйича эшитадиган хабарларимиз асосан яхши янгиликлар бўлади, чунки муаммолар камайиб боряпти.

Пахтачиликда эса хўжалик субъектлари ўртасидаги муносабатлар, маҳсулотни сотиш масаласида ишлар бозор тамойилларига мос ҳолатга келтирилмагани учун, охири йўқ муаммоалар ҳақида хабарлар эшитиб келяпмиз – соҳадаги ҳолат ҳеч кимни хурсанд қилмаяпти.

Мана, пахтачилик кластерлари ҳам, имтиёзли шароитда ишлашаётган бўлса-да, жорий вазиятдан норозиликларини билдира бошлашди. Ҳолбуки, кластерлар имтиёзли кредитлар олишади, ҳомашё етиштириб берувчи фермерлар уларга аксар ҳолатларда “кўнгилли-мажбурий” шаклда бириктирилган.

Савол: нега унда пахта кластерлари вазиятдан қониқмаяпти? Жавоб: чунки бозор тамойиллари бузилган.

Бозор тамойиллари бузилганда эса ўнғайсиз, мантиқсиз, ҳатто кулгили ҳолатлар юз беради. Қанақа дейсизми?

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, пахта кластерлари пахтани фермерлардан қиммат нархда олаётганидан шикоят қиляпти. Нонсенс... Бозор иқтисодиёти шароитида бир хўжалик субъекти бошқасидан маҳсулотни қиммат олаётганидан шикоят қилмайди, чунки бозор иқтисодиётида нархни рақобатли бозор шакллантиради. Шакллантириши керак.

Тасаввур қилинг, картошкадан чипс ишлаб чиқарувчи тадбиркор жамиятга шикоят қиляпти, “деҳқон картошкасини менга мен айтган нархда сотсин”, – деб мурожаат қиляпти...

Бозорнинг оддий қоидалари ҳақида

Ҳар бир товар нархини талаб-таклиф шакллантириши керак. Буни амалга ошириш учун инсониятга қадимдан бозор (market, рынок) хизмат қилиб келган.

Бозор – энг муҳим инструмент, у маҳсулот нархини доимий равишда ўша маҳсулотга бўлган асл талаб ва таклифга мувофиқлаштириб турувчи ажойиб, халақит қилмаса ўз-ўзидан ишлайдиган қимматли, шу билан бирга бепул механизм. Бу механизмга халақит қилинганда товар ўзининг шу топдаги асл қийматидан жудо бўлади ва алал-оқибат иқтисодиётда буюк чалкашлик юзага келади.