Электр узилишларига асосий сабаб нимада?
Тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскирганлиги. Ёз ёки қиш фаслида хонадонларда тез-тез ток ўчиб қолишининг асосий сабаби айнан шу омилга боғлиқ. Ишониш қийин, бироқ республикадаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган. Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси ўз ҳаётини яшаб бўлган. Айнан шунинг учун қаттиқ совуқ ёки қаттиқ иссиқ бўлса, дарров қаерлардадир “свет” ўчиб қолади. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
Тармоқларнинг эскиргани туфайли ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришда ҳам йўқотишлар кўп бўлмоқда. Агар ривожланган давлатларда бу миқдор 7-8 фоизни ташкил қилса, Ўзбекистонда 20-25 фоизгача етади.
Бу нима дегани? Айтайлик, жорий йилда 70 миллиард kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади. Тармоқнинг эскиргани туфайли унинг 14–17,5 миллиард kWh ҳажмдагиси истеъмолчига етиб бормаяпти.
Йўқотилаётган мазкур 14 миллиард kWh электр энергияси эса бир ойда ўртача 200 kWh ток ёқадиган 5 миллион 833 мингтадан ортиқ истеъмолчининг 1 йиллик истеъмолига тенг.
Истеъмолнинг кескин ортиши. Охирги йилларда жуда кўп янги турар жойлар қурилди. Кўпчилик эски уйини бузиб, кимдир икки, яна кимдир уч қаватли, камида 10-15 та хонали уй-жой қуриб олди. Бироқ ўша ҳудудларнинг аксариятида трансформаторлар, электр симлари эскилигича қолди. Бундан 30-40 йил олдин битта трансформатор ҳудуддаги уйларда ёқиладиган ўртача 3-4 мингта лампочка, ҳар битта хонадон учун битта телевизор, битта чангютгич ва битта совиткич ҳисобга олиниб ўрнатилган эди.
Қурилишларнинг ортиши фонида ўша трансформатор 10-15 мингта лампочка, аксарият хонадонлардаги 2 та телевизор, 2 та холодильник, 2 та кондиционер, компьютер, микротўлқинли печ, ноутбук, 10 тагача мобил телефонлар, чангютгич, кир ювадиган машина ва бошқа замонавий электр жиҳозларини ёқиш учун электр энергияси етказиб беришга мажбур бўляпти. Содда қилиб айтганда, 50 кило юк кўтара оладиган одамнинг устига 250 килогача юк ташлаб қўйилиб, ундан буни кўтариш талаб қилиняпти.
Қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган?
Тизимдаги носозликларга барҳам бериш учун тармоқда чуқур модернизациялаш ишларини олиб бориш лозим. Аммо бу жуда қийин иш. Чунки свет ўчишига тўлиқ барҳам бериш тизимли ва узоқ вақт талаб қиладиган жараён. Хусусан, 2030 йилга қадар катта кучланишни кўтара оладиган 9 минг 885 километр электр симлари ва умумий қуввати 37 минг 290 мегаватт-ампер бўлган 53 та подстанция қурилиши белгиланган. Бу ишлаб чиқарилган электр энергиясининг атиги 5-6 фоиз йўқотиш билан истеъмолчига етиб боришини таъминлайди. Натижада бугун йўқотилаётган энергиясининг катта қисми сақланиб қолади.
















