Россия пропагандаси Москвадан юз ўгирган Арманистонга қарши “янги фронт” очди. Ереван НАТОга яқинлашиш асносида, АҚШдан Қорабоғ бўйича илиқ муносабат умид қилаётгандек кўринмоқда. Айни пайтда, Озарбойжоннинг бутун туркий дунё, Европа ва Хитой манфаатига ишлайдиган Зангезур коридорини куч билан бўлса-да очиш даъвосига жавобан, Эрон бунга рози бўлмаслигини билдирди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури Жанубий Кавказда рўй бераётган трансформация жараёнларини сиёсатшунослар Суҳроб Бўронов ва Камолиддин Раббимов иштирокида таҳлил қилди.

— Қорабоғ можаролари 2020 йилдаги урушдан кейин якун топгандек эди. Лекин бугун яна жонланди, нафақат ҳарбий, балки дипломатик чиқишлар ҳам бўлиб турибди. Бу масаланинг кун тартибига чиқишига нималар сабаб бўлди?

Сухроб Бўронов: Жанубий Кавказ геостратегик жиҳатдан жаҳон сиёсатида муҳим рол ўйнайди. Иккинчи Қорабоғ уруши ва Россия-Украина урушидан сўнг ўзига хос трансформация жараёни бошланди бу ҳудудда. Бу трансформация Россиянинг минтақадаги заифлашуви билан белгиланади. Арманистон ўз ташқи сиёсат векторида Россиядан узоқлашиш йўлидан боряпти. Арманистон бош вазири ҳам яқинда берган интервюсида мамлакатнинг ташқи сиёсат асосий вектори Россия бўлганини хато бўлган, деди.

Бунинг устига Арманистон КХШТдан вакилини чақириб олди. АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказишни келишиб ҳам олди. Бундан ташқари, Халқаро жиноий суднинг ҳужжатларини ратификация қилиш учун парламентга юборди. Умуман, Арманистон ташқи сиёсатда векторларини кескин ўзгартиряпти. Шу омиллар ҳам конфликтларга қайсидир маънода сабаб бўляпти дейиш мумкин.

Камолиддин Раббимов: Қорабоғдаги президентлик сайловини дунё давлатлари, шунингдек, Россия ҳам тан олмади. Лекин сайловнинг ўтиши янги геосиёсий ўйин бошланганини билдиради. 40 кунлик урушда Арманистоннинг ютқазиши Еревандаги элита томонидан жуда оғриқли қабул қилинган эди. Бундан кейин минтақавий қудратли кучлар бўлмиш Туркия, Хитой ва Россия иштирокида Қорабоғни берамиз, деган тафаккур уйғонганди. Аммо бугун уларда янги бир умид пайдо бўляпти. Сухроб айтганидек, Россиядан узоқлашяпти, чунки кучли аразлаган. Ўша вақтда Россия ҳукумати ҳам аралашмади ва Қорабоғ Озарбойжонга тегишли деб тан олди. Балки Арманистон Қорабоғ масаласида коллектив Ғарбдан қандайдир умид қилаётгандир. Лекин менимча, бунинг иложи йўқ. Чунки асосий ўйинчи бўлмиш АҚШ сайловни мутлақ тан олмади ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Агар тан олса, АҚШ ва коллектив Ғарб учун зиддиятли вазиятлар кўпайиб кетади.