Келажак чармсаноати учун энг яхши дизайнлар. Тошкент илк бор халқаро чармсаноат бозори учун ана шу мезонга асосан ёш иқтидорли дизайнерларнинг номларини тақдим этди. “Ўзчармсаноат” уюшмаси ташаббуси билан Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси, Туркиянинг “Эге”, Грециянинг “Крит” университетлари ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамкорлигида бўлиб ўтган “UzcharmStyle-2023” биринчи халқаро ёш дизайнерлар танлови илк бор ўтказилишига қарамасдан ўз мавқейи ва номини халқаро дизайнерлик танловлари қаторига жойлаштирди.

Кўргазманинг бош ташкилотчиси “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев халқаро танлов ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
- "Мазкур танлов ўтган йилларда республика бўйлаб ўтказиб келинар эди. Жорий йилда у халқаро мақомни олди. Мақсадимиз мамлакатимиз ҳамда жаҳон чармсаноатига янги авлод дизайнер ва технологларини етказиб бериш ҳамда уларнинг ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Танловга келиб тушган ижодий ишларда энг аввало соҳа учун янги ечимлар, инновацион ғоялар ҳукмрон. Ўйлаймизки, мазкур халқаро танлов Ўзбекистоннинг ёш дизайнерлари ва уларнинг ишланмалари учун муҳим платформа бўлади".

Халқаро танлов илк бор ўтказилишига қарамасдан унда иштирок этиш истагини билдирган ёшларнинг сафи кўп экани қувонарли холат. Ўзбекистондан ташқари, Россия, Қозоғистон, Туркиядан ҳам 100дан ортиқ аризалар келиб тушди. Ҳар бир йўналиш бўйича такрорланмас ижодни учратиш мумкин. Бу эса ўз-ўзидан катта рақобатнинг юзага келишига асос бўлди.
Ёш истеъдод эгалари соҳа келажагини ўз нуқтаи назарлари билан кўради. Янгилик киритишга ҳаракат қилади. Танловнинг дастлабки босқичида хорижий университетлар профессорлари, дизайнер ва технологлари ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этиб барча ижодий ишларни диққат билан кўздан кечирди. Хусусан, Грециянинг Крит техника университети профессори, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Николаос Биласис танлов иштирокчиларининг ишларига баҳо берди.
Ёшларнинг маҳорати ва иқтидоридан ҳайратдаман. Ҳар бир ишда ўзига хослик ва янгилик бор. Ҳеч қайси детал ёддан кўтарилмаган. Мен ёшларни атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиб, “яшил” деб аталмиш йўналишда кўпроқ ишлашга чақираман. Бу билан уларда халқаро майдонда янада юқори мақомга эга бўлиш имконияти пайдо бўлади.




















