Украина уруши фонида Россияда шиддатли геосиёсий ғоялар, концепциялар, лойиҳалар кураши кетмоқда. Урушлар ҳар доим жараёнларни тезлаштиради, зичлаштиради, зиддиятларни кучайтиради. Жамият қутблашади, давлат асабийлашди ва янада авторитарлашди.
Экспертлар бугунги дунёда империячилик кайфияти, салоҳияти ва амбицияларига эга учта давлат борлигини айтади, булар – АҚШ, Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси.
Россияда қандай тенденциялар ва ғоялар кузатилаётгани Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун ўта муҳим. Россия – Ўзбекистон ва МО учун абадий омилга айланган. Шунинг учун Россия интеллектуал доираларидаги қарашларни кузатиш, Ўзбекистон миллий манфаатлари учун ҳам жуда муҳим. Бу, энг аввало, миллий мустақиллигимизни ҳимоя қилиш ва кучайтириш учун муҳимдир.
Демак, Украина уруши фонида рус олимлари ва мутафаккирларининг қарашлари қутблашиб бормоқда. Бир томон олимлар Кремлни қаттиқ танқид қилиб чиққан бўлса, шу пайтгача нисбатан нейтралроқ бўлган бошқа олимлар, Путин режимига интеллектуал тус бериш, маслаҳат бериш йўлига ўтишди.
Россия Фанлар академияси аъзоси, АҚШ ва Канада институти директори, академик Валерий Гарбузов “Независимая газета”да яқинда “Россия ўзини англаши учун, афсоналарга эмас, илмга муҳтож” мавзусида катта таҳлилий мақола чиқарди. Мақолада қуйидаги тезислар кенг шарҳланади:
- Чор Россияси экспанционизм, империячилик кайфиятидаги ҳудуди жиҳатидан энг катта континентал давлат эди;
- Ҳокимиятга советлар келиб, дунёда коммунизм қуриш афсонасини олдига мақсад қилиб олишди. СССРдаги Коминтерн ташқи дунёга коммунизм экспорти билан шуғулланишни ўз вазифаси қилиб олганди;
- Совет мифологиясига кўра, америка империализми – дунёда коммунизм ғалабаси йўлидаги энг катта тўғаноқ эди;
- Советлар капитализмнинг тўлиқ инқирози ва қулашини айтар эди. Колониализм эса, капитализм инқирозининг ифодаси деб талқин қилишарди.
- Лекин капитализм инқирози социализм ғалабасига олиб келмади. Капитализм қуламади. Аксинча, совет иттифоқи ва социалистик лагернинг ўзи қулаб, йиқилди. Ғарбда эса капитализм ўлмади, аксинча эволюция бўлиб, инсоний қиёфага кирди, ғарб давлатларида ижтимоий ҳимоя давлат концепцияси кучайиб борди.
- Бугун ҳам Россияда давлат одамлар устидан оммавий пропаганда машинасини яратди. Марказий ТВ каналлардаги энг кучли манипуляторлар эрта-ю кеч халқ тафаккурини афсоналар билан тўлдирмоқда;
















