XIX асрда Хитой шимоли-ғарбий қисмидаги хуэйлар дунганлар қўзғолонидан кейин Марказий Осиёга келиб қолишган. Ўзбекистоннинг хитой мусулмонлари 1926 йилда 132 нафар бўлган бўлса, 90-йилларга келиб, уларнинг сони ўн бараварга ошади. Улар ўз она тилидан ташқари ўзбек тилида ҳам мукаммал гаплаша олишади. Kun.uz мухбири дунган элатининг тўйида бўлиб, хуэйларнинг келиб чиқишидан то Ўзбекистонга кўчиш тарихи ва бугунги ҳаёт тарзи билан қизиқди.

Тошкентнинг ёнгинасида жойлашган Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи дунган этник гуруҳи ҳақида репортаж қилиш мақсадида Дунган миллий-маданий маркази раиси Мане Савуров билан боғландик. У эса бизни яқин кунларда бўлиб ўтадиган дунганча тўйга чақирди. Яхши таклиф. Чунки тўйлар - халқларнинг маданият ва урф-одатлари ҳақида маълумот берувчи энг маъқул восита.

Мане Савуров

Ўша кун ҳам келди.  Мане Давурович ташлаб берган манзилни навигаторга солиб, йўлга тушдик. Пойтахтдан 39 дақиқалик йўл экан. Соат тонгги еттида келиннинг хонадонига етиб боришимиз керак. Чунки келинга тонг саҳардан миллий соч турмаги қилиш маросими бошланади. Бу удум дунган маданиятининг ажралмас қисми ва тўй кунининг энг биринчи босқичи ҳисобланади.

Хонадонга етиб келганимизда аллақачон маросим бошланиб бўлган экан. Дунганлар – мусулмон элат. Лекин улар қаерда яшашмасин ўзларининг хитойча урф-одат ва тилини йўқотишмаган. Келинлик кийими ҳам айнан хитой маданиятига хос бўлиб, у ўша халқнинг тақинчоқ ва безаклари билан безатилади.

Ҳаммасидан аввал дунган мусулмонларининг этник келиб чиқишидан Ўзбекистон ҳудудига келиб қолиш тарихигача бўлган маълумотлар билан таништириб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Милодий 7-аср. Кунлардан бир куни Чин давлатининг Танг императори тушида яшил кийимдаги йигит уни йиртқич ҳайвондан қутқарганини кўради. Донишмандлар императорга бу туш таъбирини йиртқич ҳайвон унинг кўчманчи душманлари, халоскор йигит ва яшил ранг эса Ғарб томонда пайдо бўлган Ислом динининг рамзи эканлиги билан изоҳлашади ва айнан шу дин вакилларининг ёрдами билан империяни қутқариш мумкинлигини башорат қилишади.