22 сентябр куни РФ Қора денгиз флотининг Севастополдаги штаби ракета зарбасига йўлиқди, деб хабар берди аннексия қилинган Севастопол раҳбари Михаил Развожаев. У ракета зарбасида Украина қуролли кучларини айблаган. Зарбадан кейин штаб биносида ёнғин бошланган. Маҳаллий аҳоли шаҳарда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлагани ҳақида хабар берган. РФ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами бешта ракетани уриб туширган. Развожаевнинг сўзларига кўра, уриб туширилган ракета парчаларидан бири Нахимов проспектидаги Луначарский театри атрофига тушган. ТАСС ёзишича, парчалар юзлаб метрга сочилиб кетган.
Севастопол раҳбари аввалига такрорий ракета зарбаси бўлиши мумкинлигини айтганди, аммо соат 14:15 атрофида ракета ва авиация хавфи ариганини маълум қилди. Развожаев аҳолидан шаҳар марказига келишдан тийилишни сўраган.
Қора денгиз флоти штаби биноси жиддий шикастланган. Воқеа жойида олинган фотосуратларда кўриш мумкинки, штаб биноси томи ва камида юқори қаватлардан камида биттаси вайрон бўлган. Михаил Развожаев флот штаби атрофидаги инфратузилмалар шикастланмагани, кўчада бўлган одамлар жабрланмаганини айтган. «Ҳатто дераза ойналари синиши қайд этилмаган», — деган Севастопол раҳбари.
РФ мудофаа вазирлигига кўра, ракета зарбаси оқибатида россиялик бир ҳарбий бедарак йўқолган. Вазирлик ҳужумда «Киев режими»ни айблаган. «Ҳужум оқибатида Қора денгиз флоти штабининг тарихий биноси шикастланган», — дейилган идора хабарида. «112» ва Shot телеграм-каналлари дастлабки маълумотларга кўра, олти киши жароҳатланганини ёзган. Бошқа манбалар ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган. Аннексия қилинган Севастопол соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганлар ҳақидаги маълумот бўйича изоҳ бермаган. Гувоҳларнинг айтишича, воқеа жойига камида ўнта тез ёрдам машинаси етиб келганди.
Дастлабки маълумотларга кўра, РФ Қора денгиз флоти штабига Storm Shadow қанотли ракетаси келиб урилган, деб хабар беради Mash ва Shot телеграм-каналлари. Mash маълумотига кўра, Севастопол бўйлаб ракета ҳужуми вақтида Қора денгиз осмонида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Boeing P-8A «Посейдон» разведка самолёти ҳаракатланган ва катта эҳтимол билан айнан шу самолётдан туриб Украина қуролли кучлари ҳаракатлари мувофиқлаштирилган.
Севастополга ҳужум билан бир вақтда Қрим ҳудуди ҳам ракета зарбаси остида қолган.
















