Россиялик ҳарбийлар 1 августга ўтар кечаси ва тонгда Киевни дронлар ва ракеталар билан ўққа тутди.
Шаҳар мэри Виталий Кличко берган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлиб, 30 дан ортиқ киши яраланган, шундан 17 нафари шифохонага ётқизилган.
Шаҳарнинг еттита районида ёнғин ва вайронгарчиликлар қайд этилган. Хусусан, Литванинг Украинадаги элчихонаси биноси ҳам зарба вақтида шикастланган, дипломатик идора ходимлари орасида тан жароҳати олганлар йўқ. Литва ТИВ РФ махсус вакилини чақиртирган, унга норозилик нотаси топширилган.

Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Dan Bashakov / AP / Scanpix / LETA

Anatolii Stepanov / Reuters / Scanpix / LETA


Anatolii Stepanov / Reuters / Scanpix / LETA
Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, тунда мамлакат ҳудудига жами 27 та баллистик ракета учирилган – украин ҳарбийлари шундан фақат биттасини уриб тушира олган. У буни Patriot тизимлари учун тутиб олувчи ракеталар қолмагани билан изоҳлаган. «Айнан баллистикага қарши тутиб олгичларнинг бундай тақчиллиги Россияни шундай зарбалар учун рағбатлантирмоқда», – деган Зеленский.
Шу фонда Зеленский иттифоқчиларни Украинага Patriot тизимлари учун кўпроқ ракета беришга чақирган. «Баллистикага қарши [ёрдамнинг] ҳар бир пакети одамларимиз ҳаётини асраб қолади. У йўқлигида ҳар тунда қурбонлар бўлаверади», – дея қайд этган у.

Украина ҳукумати мунтазам равишда Россиянинг баллистик ҳужумларини қайтариш учун зарур бўлган ракеталар йўқлиги ҳақида айтиб келмоқда. Киевдагилар бу масала қишгача ҳал қилинмаса, Россия энергетика инфратузилмасига зарбаларни сезиларли даражада кучайтириши, бу эса йирик шаҳарларни совуқ кунларда электр ва иссиқлик таъминотисиз қолдиришидан хавотирда.



Июл ойи бошида АҚШ президенти Доналд Трамп Анқарада Зеленский билан учрашувда Украинага Patriot ракеталари ишлаб чиқариш учун лицензия беришга ваъда берганди. Бироқ 30 июл куни АҚШ президенти лицензия берилишига «ишончи комил эмаслиги» ва ҳали ҳам бу масалани «кўриб чиқаётгани»ни айтди.
28 июл куни Оқ уйда бўлиб ўтган музокараларда Зеленский Трампдан қишгача Украинага 300 та Patriot ракетасини топширишни ҳам сўраганди. The Atlantic нашри манбаларига кўра, АҚШ президенти рад жавобини берган. Эрон билан урушнинг дастлабки ҳафталарида бундай ракеталар жуда кўп ишлатиб юборилгани туфайли ҳозирда АҚШнинг ўзида ҳам бундай ракеталар захираси етарли эмас.


Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA



Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA













