Украина

Украина президенти Володимир Зеленский Россияга «40 кунлик таъсир операцияси» ўтказилишини эълон қилди. Бу амалиётдан мақсад – Кремлни урушни тўхтатишга ундаш. Амалиётни Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) ўтказиши белгиланган, мамлакат етакчиси бошқа тафсилотларни очиқламаган.

Зеленский бу ҳақда УХХ раҳбари Евгений Хмара билан учрашувдан кейин маълум қилди – бу учрашувда президентга «Украинанинг узоқ масофали ва ўрта масофали санкциялари режаси, шунингдек „Алфа“ махсус амалиётлар марказининг фронтдаги натижалари» юзасидан ҳисобот берилган. Президентнинг сўзларига кўра, УХХ «турлича дронлардан фойдаланиш ҳисобига Украинанинг фронтдаги позицияларини ҳимоя қилишда энг юқори кўрсаткичларга эга», «Алфа» маркази эса – РФ қўшинларининг «шахсий таркиби ва техникаларини йўқ қилишдаги натижалар бўйича етакчи» ҳисобланади.

УХХ – дронлар ёрдамида Россия регионларидаги саноат корхоналари ва нефт объектларига зарба бериб келаётган идоралардан бири ҳисобланади. Нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда нефт базалари бўйлаб йўлланаётган бундай зарбалар фонида мамлакатда ёқилғи инқирози бошланган. Россиянинг 20 дан ортиқ регионида маҳаллий расмийлар ёқилғи сотувига чекловлар жорий этган.

Нафақат Украинадагилар, балки Европадагилар ҳам Россияни тинчлик музокараларига қайтишга чақиришмоқда. Владимир Путин бир неча бор Россия ўзи илгари сураётган шартлар асосида Украина билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини, Зеленский у билан шахсан учрашмоқчи бўлса, Москвага келиши мумкинлигини айтган. Ўз навбатида, Россиянинг шартлари Украина учун қабул қилиб бўлмайдиган талаблар ҳисобланади.

Украина нашрлари манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Россияга ҳарбий босим ўтказишни ёқламоқда. У 2025 йил январида АҚШ президентлигига қайтганидан бери Вашингтон Москва ва Киев ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишга ва уларни яраштиришга ҳаракат қилмоқда.

«РБК-Украина» суҳбатдошларига кўра, Трамп Россияни Украинанинг ҳарбий босими орқали «реал дипломатия»га олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди. Kyiv Independent нашри ёзишича, Трамп ўзаро суҳбатда Зеленскийни Россияга нисбатан «қатъийроқ» ҳаракатланишга чақирган, у «Путин босим ўтказилмаса, нимадир қилишига ишонмайди».

Россия

26 июнга ўтар кечаси Украина Россия регионлари бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма зарба йўллади. РФ мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 660 та дронини тўхтатган ва уриб туширган. «Агентство» қайд этишича, бу тунда дронлар орқали Россиянинг фронт орти ҳудудларига амалга оширилган энг йирик ҳужум бўлди.