Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисалари кузатилаётган йўлларда «светофорсиз эстакадалар» қуриш бўйича уч йиллик дастурни қабул қилиш тўғрисидаги топшириқ юзасидан тушунтириш берди.
Газета.uz’нинг ёзишича, «светофорсиз эстакадалар» «вилоятлараро магистрал йўллар, бутун республикани кесиб ўтувчи йўлларда» қурилиши режалаштирилган.
«Эстакадалар деганда [шаҳарлар ичидаги] йўл ўтказгичлар ёки кўприклар назарда тутилмаяпти, гап бурилиш ёки қайрилиш йўл ўтказгич орқали амалга оширилиши учун ҳаракатни чапга бурилишсиз ташкил қилиш ҳақида кетяпти. Шундай ечимлар бор. Ҳатто шаҳарларда ҳам, Тошкентда ҳам — «бетонка»да ёки бошқа жойларда… Шу назарда тутиляпти», — деди транспорт вазири.
Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари лойиҳачилар ва олимлар кейинчалик бундай эстакадалар қуриш бўйича таклифлар киритиши учун Ўзбекистон бўйлаб йўлларни инвентаризациядан ўтказиш, «тирбандлик кузатиладиган, машиналар йиғиладиган ва йўл-транспорт ҳодисалари содир бўладиган ўчоқларни» аниқлаш топшириғини берган. Барчаси илмий асосланган тарзда бўлади, деди Илҳом Маҳкамов.
Мисол тариқасида у Тошкент-Самарқанд йўлини келтирди, бу ерда тирбандлик кўп, шу сабабдан шаҳарлар орасидаги қатнов вақти кўпайган. «Унинг ўтказувчанлигини кичик ҳудудлар билан оширса бўлади. Бурилишларни олиб ташлаш ва юк машиналари фақат ўнг тарафда ҳаракатланиб, иккинчи ва учинчи қаторларни эгалламайдиган шароит яратиш мумкин», — деди вазир.
«Яъни, агар магистрал йўл бўлса-ю, унда қайрилишлар бўлса, бу ҳолатда автомобиллар қайрилаётган вақтда ҳаракатга халал беради ва авариявий вазиятларни юзага келтиради. Бунинг ўрнига, айтайлик, ўнг томонда йўлни айланиб кесиб ўтувчи бўлак бўлади, худди шу бўлакнинг давомида чапга бурилиш ёки қайрилиш бўлади. Гап кейинчалик бошқа жойларда тирбандликни келтириб чиқарадиган чорраҳалар ёки йўл ўтказгичлар қурилиши ҳақида кетаётгани йўқ.
Ҳамма жойда штаб ташкил этилиб, инвентаризация бошланди. Биринчи навбатда магистрал йўллар. Аниқлайдиган муаммоли нуқталаримиздан келиб чиқиб, қанча йўл белгилари керак, қаерда белгилар етишмаяпти, стандартга кўра қайрилишлар қаерда бўлиши керак, қаерда йўқлиги бўйича вазифаларни белгилаб оламиз. Шундан келиб чиқиб, бу эстакадалар бўйича ечимлар лойиҳалари тайёрланади, агар гап айнан эстакадалар ҳақида кетаётган бўлса», — деди вазир.
Тошкент ва бошқа шаҳарлар бўйича, ҳозирда Транспорт вазирлиги шаҳарлар чегараларининг қайси қисмида йўл ўтказгич ва кўприклар қурилиши мумкин бўлиши бўйича мезонларни ишлаб чиқмоқда.















