Ўзбекистон | 11:27 / 26.09.2023
11366
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда илк «гармошка»ли электробус қатнай бошлайди

Пойтахт жамоат транспорти учун бир дона Хитойда ишлаб чиқарилган “гармошка” электробус олиб келинди. Яқин кунларда унинг ҳам йўналишларга чиқиши кутилмоқда.

Транспорт соҳасида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги доирасида Тошкентга 18 метрли King Long русумидаги электробус олиб келинди. 25 сентябр куни Хитой компанияси вакили «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга рамзий калитини топширди.

Шу вақтгача бош шаҳарда электрда юрадиган ўта катта сиғимли автобус, яъни электр «гармошка» бўлмаган. Яқин кунларда магистрал йўналишларга чиқиши кутилаётган бу автобус дастлабкиси бўлди.

«Тез кунларда  ушбу замонавий, қулай ва экологик тоза электробус пойтахтимиз аҳолисига хизмат кўрсата бошлайди», – дейилади АЖ хабарида.

Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда 18 метрли электробус магистрал йўналишларда синовдан ўтказилмоқда. Агар синов муваффақиятли ўтиб, транспорт воситаси талабга жавоб берса, бу турдаги «гармошка»ларга яна буюртма берилади.

Шунингдек, Обидовнинг айтишича, ҳозирда шаҳардаги муддати ўтиб бораётган ҳаракат таркибларини йўналишлардан чиқариб, янгиларига алмаштириш ишлари кетмоқда. Эски автобусларни аукционга қўйиш режа қилинган.

Эслатиб ўтамиз, яқингача Тошкент супер-узунликдаги автобусларни кўрмаганига 10 йил бўлганди. Бундай «гармошка» автобуслар пойтахт учун охирги марта 1995 йилда харид қилинган, энг сўнггилари 2013 йилгача ҳаракатланганди.

26 март санасидан бошлаб илк марта пойтахт кўчаларида ўта катта сиғимли «гармошка»лар ҳаракатланишни бошлади. Ўша вақтда 10 та 18 метрли табиий газда ишлайдиган автобуслар магистрал йўналишларда синаб кўрилганди.

20 апрелдан бошлаб эса Хитойдан олиб келинган табиий газ ва электрда ҳаракатланадиган 400 та автобус йўналишларга чиқарилди. Уларнинг 114 таси 18 метрли «гармошка»лар бўлганди.

Маълумот учун, Хитой компаниясига жами мингта автобус учун буюртма берилганди. Бу билан шаҳар автобуслари сони эскилари таркибдан чиқарилиши ҳисобига 1 минг 800 тага етиши айтилган.

Мавзуга оид