Ўзбекистон | 07:24 / 27.09.2023
4016
2 дақиқада ўқилади

Маданий мерос объектларига бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш тақиқланиши мумкин

Бундай ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотлар олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш БҲМ (ҳозирда 330 минг сўм) 2 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Фото: Kun.uz

Буни кўп миқдорда содир этиш фуқароларга БҲМнинг 25 бараваригача (8,25 млн сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқланиши мумкин. 

Муҳокама учун эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра, пластик маҳсулотлар (табиий органик полимер маҳсулотлар бундан мустасно) сирасига стаканлар, найчалар, музқаймоқ таёқчалари, пахта таёқчалари, қадоқлаш плёнкаси ва айрим турдаги полиэтилен пакетлари киради.

Бу тартибни бузганлик учун қуйидаги жавобгарликлар жорий этилади:

бундай ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотлар олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ, у ҳозирда 330 минг сўм) 2 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача;

худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдордаги қийматда содир этиш фуқароларга — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 20 бараваригача;

худди шундай ҳуқуқбузарлик кўп миқдордаги қийматда содир этиш — фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолияти натижасида оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларни марказлаштирилган оқова сув тизимига улаш ёки муқобил тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш мажбуриятини киритиш ҳам режа қилинмоқда.

Ушбу мажбуриятни бажармаган жисмоний шахсларга нисбатан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, юридик шахсларга нисбатан — БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар қўллаш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид